Давлат стипендияси соҳиби ветеринария клиникаси очмоқчи

Одатда қишлоқлик болаларнинг руҳиятида табиатга, жониворларга муҳаббат бошқачароқ бўлади. Улар табиатни   яқиндан кўриб, ҳис қилиб улғаяди. Шаҳарликларда эса бу имкониятлар бироз чекланган. Ота-оналар уйда жониворларни боқишга аксарият ҳолларда рухсат беришмайди.

Самарқанд шаҳрининг қоқ марказида, зиёлилар хонадонида улғайган Темур Ортиқовда эса ҳаммаси бироз бошқачароқ бўлганди. Болалигидан уйида ит ҳам, мушук ҳам, тўтиқуш ҳам боққан.

Сўнг қизиқишлар мақсадга, мақсад эса қатъиятга айланди. Бугун Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ветеринария  профилактикаси ва даволаш факультетида таҳсил олаётган билимдон бу талаба 2019-2020 ўқув йили учун Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлди.

Она тилидан ташқари, инглиз, рус тилларини мукаммал эгаллаган  Темур жорий йилнинг март-июнь ойларида институтнинг яқин ҳамкорларидан бири бўлган Белоруссиянинг Витебск ветеринария медицинаси академиясида таълим олиб қайтди.

- У ерда ўтган 4 ойлик таълим ҳаётимда муҳим ўрин тутади, - дейди  Т.Ортиқов. - Бу ердаги устозларим - доцентлар Мавлон Сафаров, Бахтиёр Нарзиев, ветеринария фанлари доктори Ҳаким Ниёзовларнинг таълим-тарбияси асосида Белоруссияда бир нечта халқаро тадбирларда қатнашдим. «Хорижлик талабаларнинг Белоруссия таълим тизимидаги ўрни ва роли» мавзусидаги илмий конференцияда қоракўлчилик соҳаси ва уни ривожлантириш билан боғлиқ илмий маърузам билан иштирок этдим. Халқаро талабалар олимпиадасида қатнашиб, 2-даражали диплом билан тақдирландим. Бунинг учун институтдаги барча устозларимдан миннатдорман. Келажакда магистратура таълим йўналишини хорижда ўқиб, Самарқандда ветеринария клиникаси очмоқчиман.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.