Самарқанд вилояти ҳокимлиги стипендианти бўлган 20 нафар магистр талабага ярим йил 1 миллион сўмдан нақд пул берилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессиясида бу борадаги таклиф маъқулланди.

Қайд этилганидек, стипендия танлови вилоятда иқтидорли ёшларни кашф этиш, истеъдод соҳибларига ғамхўрлик кўрсатиш орқали қўллаб-қувватлаш, ижод ва билим чўққиларини эгаллашларига кўмак бериш, интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқариш ҳамда уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадларини кўзлаган.

Сессия қарори билан вилоят ҳокимлигининг стипендиясини ташкил этиш ва уни тайинлаш тўғрисида Низом, олий таълим муассасалари ишчи гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштириш ва номзодларни саралаш бўйича вилоят комиссияси таркиби тасдиқланди.

Комиссияга 10 кун муддатда ариза топширган номзодлардан 20 нафарини низом талаблари асосида саралаш вазифаси топширилди.

Ғолибларга 6 ой давомида маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг алоҳида шахсий ҳисоб варағи ташкил қилиниб, нақд пул шаклида 1 миллион сўмдан стипендия берилиши белгиланди.

“Самарқанд вилояти ҳокимлигининг стипендияси” ғолибларини олий таълим муассасаларини тамомлагандан сўнг вилоят ҳокимлигининг “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли ёш кадрлар захираси рўйхатига киритилади.