Давлат хазинаси аҳоли фаровонлиги, бунёдкорлик ҳамда иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилади
2017 йилда вилоятимизда иқтисодий барқарорлик ва соҳада юқори ўсиш суръатларининг сақлангани вилоят бюджетининг ижросига ижобий таъсир кўрсатди. Натижада маҳаллий бюджет даромадлари 2016 йилга нисбатан 18,5 фоизга ўсиб, 1 триллион 553 миллиард сўмни, харажатлар қисми эса қарийб 2 триллион 404 миллиард сўмни ташкил этди.
Маҳаллий бюджет харажати маблағларининг 82 фоизи ёки 1 триллион 973 миллиард сўми ижтимоий соҳа ҳиссасига тўғри келди. Жумладан, таълим соҳаси харажатлари 1 триллион 225 миллиард сўмни, соғлиқни сақлаш – 558 миллиард сўмни, маданият ва спорт харажатлари – 34 миллиард сўмни, ижтимоий нафақалар – 154 миллиард сўмни ташкил этди.
Энди 2018 йилга мўлжалланган вилоят маҳаллий бюджети, бюджет ва солиқ сиёсатини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларига эътибор қаратсак.
Маҳаллий бюджет лойиҳасини тузишда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда солиқ-бюджет сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
1-йўналиш – Президентимизнинг солиқлар сонини қисқартириш ва солиқ юкини енгиллаштириш, биринчи навбатда, йирик корхоналар, базавий корхоналарни қўллаб-қувватлаш юзасидан берган топшириқларига мувофиқ амалга оширилди.
Биринчидан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (7,5 фоиз) ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари (8 фоиз) ягона солиққа – фойда солиғига бирлаштирилди ва умумий ставка амалдаги 15,5 фоиздан 14 фоизгача камайтирилди.
Иккинчидан, пенсия жамғармасига (1,6 фоиздан 1,5 фоизгача), республика йўл жамғармасига (1,4 фоиз сақланиб қолинди), таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига (0,5 фоиздан 0,3 фоизгача) мажбурий ажратмаларнинг умумий ставкаси 3,5 фоиздан 3,2 фоизга камайтирилди.
Учинчидан, ўсимлик ёғи бўйича акциз солиғи ставкасини 50 фоизга қисқартириш ҳисобига фермерлар даромадини кўпайтириш мақсадида пахта толаси ҳамда чигит нархи оширилди.
Тўртинчидан, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражаси пасайтирилиб, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисоб рақамларига ажратма миқдори амалдаги 1 фоиздан 2 фоизгача оширилди.
Бешинчидан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди.
2-йўналиш – Президентимизнинг маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлашни рағбатлантириш, маҳаллий ҳокимиятларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш юзасидан қатъий белгилаб берган топшириқлари юзасидан амалга оширилган ишлар самараси. Бунда, биринчидан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун қатъий белгиланган солиқлар, бозорлардан тушадиган даромадлар, айрим турдаги товарлар билан савдо қилиш ва хизматларнинг алоҳида турларини кўрсатиш учун олинадиган йиғимлар туманларнинг ўзида қолдириладиган бўлди.
Иккинчидан, вилоят даражасида кичик корхоналардан ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи, юридик шахсларнинг ер ва мулк солиқлари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи вилоят ва туман маҳаллий бюджетларига уларнинг харажатларидан келиб чиқиб тақсимланади.
Учинчидан, маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлашни назарда тутувчи қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
– ягона солиқ тўловчи кичик корхоналарнинг ер майдонининг бир гектардан ортиқ қисмига ер солиғини киритиш;
– жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, шу мулкнинг бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қийматидан олиш.
Бундан ташқари, ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэффициент қўлланилади;
– маҳаллий ҳокимият идораларига, айрим маҳаллий солиқлар бўйича ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб, базавий ставкаларни камайтирувчи (0,7) ва кўпайтирувчи (1,3) коэффициентлар қўллаш ҳуқуқи берилади.
3-йўналиш – маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини мустаҳкамлаш, табиий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда айрим турдаги маҳсулотлар истеъмолини оптималлаштириш.
Шу мақсадда ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг қатъий белгиланган ставкалари 15 фоизга индексация қилинди. Алкоголь маҳсулотлари учун акциз солиғи ставкаларини маҳсулот турига қараб, 10 фоиздан 27 фоизгача, пиво учун – 20 фоизга индексация қилиш ҳисобига бюджетга қўшимча 13,5 миллиард сўм маблағ ундирилади.
Энди 2018 йил вилоят маҳаллий бюджетининг жами харажатларига тўхталсак. Мазкур харажатлар 2 триллион 629 миллиард 867 миллион сўм миқдорида белгиланган. Шундан ижтимоий соҳа харажатларига 2 триллион 305 миллиард 285 миллион сўм йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим харажатларига 1 триллион 412 миллиард сўм ёки 2017 йилга нисбатан 16 фоизга кўп, соғлиқни сақлаш соҳасига 638 миллиард сўм маблағ ёки 2017 йилга нисбатан 1.1 баробар кўп, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ҳамда бошқа ижтимоий тўловларга 207 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўп, маданият харажатларига 15 миллиард сўм маблағ ажратилади. 2018 йилда иқтисодиёт харажатларига маҳаллий бюджетдан ажратилган харажатлар ҳажми қарийб 100,3 миллиард сўм, марказлашган инвестиция харажатларига 53 миллиард сўм кўзда тутилган.
2018 йил бюджет лойиҳасида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тадбирлар ҳам инобатга олинган. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб кичик бизнес корхоналари томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови учун ҳисобланган сумманинг 8 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши билан 2018 йилда вилоят маҳаллий бюджети даромадлари 1 триллион 637 миллиард 530 миллион 683 минг сўм, харажатлари 2 триллион 629 миллиард 866 миллион 912 минг сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда ижтимоий соҳа учун республика бюджетидан вилоят бюджетига 992 миллиард 336 миллион 229 минг сўм трансфертлар ажратилиши кўзда тутилган.
Ботир МИРЗАЕВ,
вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи.