Давлатнинг қўллаб-қувватлаши ишончни оширади
Президентимизнинг жорий йил 26-августда қабул қилинган "Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар шаффоф шаклга ўтказилади.
Фармонда таъкидланишича, парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланади, бюрократияга чек қўйилади.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.
Яъни, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:
- ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади;
- давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилади;
- ҳар йили ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.
Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилмоқда. 2025-йил 1-январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга қисқартириляпти.
Ҳомий ташкилотларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалдаги 15 миллион сўмдан 34 миллион сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш жараёнида шаффофлик, давлатнинг фуқаролик жамияти институтларига нисбатан олиб бораётган сиёсати, маблағларни тақсимлаш, грантлар ва бошқа ресурсларга оид маълумотларнинг очиқлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис 2024-йил 1-октябрьдан бошлаб Рақамли технологиялар вазирлиги Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан биргаликда фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган, асосий имкониятларни назарда тутувчи ягона электрон платформа ишга туширилади.
Платформага кўра, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик танловлар йўналишларини шакллантириш ҳамда уларнинг муҳокамасида бевосита иштирок этади. Танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнлари кузатиб борилади. Танлов иштирокчиларидан талаб этиладиган ҳужжатлар давлат органларининг маълумотлар базаларига интегратсия қилиш орқали онлайн қабул қилинади.
Бу эса давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларига шаффофликни таъминлаш, грант танловларида иштирок этиш, маблағларнинг самарали тақсимланишида қўл келади. Қолаверса, давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари билан бўлган муносабатлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлайди, масъулиятни оширади, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун ресурсларга эришиш имкониятини яратади.
Умуман олганда, фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан қўллаб-қувватланганда шаффофлик принсипи ҳар икки томон учун ҳам манфаатли. Бу нафақат ишончни оширади, балки самарали ҳамкорликка асос бўлади.
Фотиҳ РАҲМАТОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.