Давр фидойилари

Ўктам Саидмуродовни тадбиркорлар диёнатли, янгиликка ўч ва бағрикенг ҳамкасб, қурувчилар соҳамиздан чиққан таниқли зиёли сифатида ҳурмат қилишади. Аслида ҳам шундай.

Унинг раҳбарлигидаги "Стеклопластик" корхонасида деярли ҳар йили янги маҳсулот чиқади, унинг ташаббуси билан ҳар йили Самарқанд туманидан 20 нафарга яқин ёшлар тадбиркорликка ўқитилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати сифатида Ў.Саидмуродов ўзи сайланган 15-Деҳқонобод сайлов округи аҳолиси билан яқин алоқа ўрнатган. Уларнинг шикоят, таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиб, тегишли ташкилотларга юборади, ўз депутатлик сўровларининг ижросини таъминлайди.

Бундан ташқари, фидойи депутат транспорт, саноат ва қурилишдаги долзарб муаммоларни сессияга олиб чиқишда жонбозлик кўрсатади. Шу сабабли депутатлар ўртасида ҳам катта обрўга эга.

- Давлатлар ўртасидаги интеграллашув чуқурлашиб бораётган бир пайтда янги технологиялар асосида юртимизда бор ҳом ашёни қайта ишлашни, уни жаҳон бозорига чиқара олишимиз катта аҳамиятга эга, - дейди Ў.Саидмуродов.