Давр фидойилари: Салкам қирқ йиллик тадбиркор

Ҳайдар Ўроқов ҳақида гап кетганда ана шундай таъриф берилади. Бугун у нафақат кўп йиллик иши - паррандачилик, шу билан бирга бошқа йўналишларда ишбилармонлик борасида ҳам кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

У раҳбарлик қилаётган хўжалик бутун республика бўйлаб миллионлаб бош жўжа ва уларни боқиш ускуналари ҳамда озуқалари тарқатган. Бу пировардида парҳез гўшт кўпайиши ортидан унинг нархи арзонлашишига хизмат қилмоқда.

Нидерландия каби энг илғор давлатлардан наслли жўжалар олиб келинаётгани, ем ишлаб чиқариш линия ва инкубатор ускуналари компьютерлаштирилгани бобо бўлиб, бировга гап бермайдиган ёшдаги Ҳайдар Ўроқовнинг янгиликка ўчлиги, тиниб-тинчимаслигидан.

Омматан бу нима берарди, деган савол туғилиш табиий.

Билиб қўйинг, Хитой томони вакиллари бир ярим йил давомида корхонадаги иш жараёнлари, парвариш, маҳсулот етиштириш шароитларини ўрганган. Ва ниҳоят республикдаги 62 та талабгор корхона ичида айнан “Navobod Naslli Parranda” фермер хўжалиги хитойликлар билан шартнома тузишга эришган.

Қандай шартнома, дейсизми, товуқ панжаларини харид қилиш бўйича.

Ҳайдар Ўроқов бу каби янгилик, марра билан чекланиб қолмоқчи эмас. Муҳими, вилоятдаги бошқа тадбиркорларни ҳам 4-5 сўм топиш билан тўхтаб қолмаслиги йўлида ҳам бош қотиряпти.