"Декрет"да бўлсам, байрам мукофоти тўланмайдими?
Мен банк муассасасида ишлайман, декабрь ойида "декрет"га чиқдим. Ҳозирча 4 ойлик "декрет"даман. Яъни, табелда касаллик варақасида бўламан.
Агарда байрам муносабати билан байрам пули бериладиган бўлса, менга ҳам берилиши керакми ёки берилмайдими?
С.Ботирова.
- Меҳнат кодексининг 153-моддага кўра, бу масала шу корхонанинг жамоа шартномаси ёки иш ҳақи ва қўшимча тўловларга доир бошқа локал ҳужжатлари билан ҳал қилинади. Мукофотни тўлаш ёки тўламаслик шу ҳужжатларда қандай белгиланлигига боғлиқ.
Яъни, агар жамоа шартномаси ёки иш ҳақи ва қўшимча тўловларга доир бошқа локал ҳужжат (низом, йўриқнома)да байрам мукофотлари:
- амалда ишлаётган ва бевосита меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларга тўланиши кўрсатилган бўлса, демак иш берувчи сизга мукофот тўламаслиги мумкин;
- агар юқоридаги чеклов бўлмаса ёки мукофот корхонадаги барча ходимларга тўланиши кўзда тутилган бўлса, албатта сизга ҳам тўланиши керак.