Депутат аёллар ижтимоий ҳаёт ва жойлардаги муаммолар ечими таъминланишида қанчалик фаол?

Каттақўрғон шаҳар Ермачит маҳалласида жойлашган “Маънавият сектори”да Халқ демократик партияси Самарқанд вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Аёл депутатлар минбари” интерактив учрашуви бўлиб ўтди.
Аёл депутатларнинг тажриба алмашинуви, жойлардаги муаммоларни муҳокама қилиш, электорат билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали депутатлик фаолияти самарадорлигини ошириш ва ёш аёлларни сиёсатга жалб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу учрашувда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар бир соҳадаги фаоллиги ошириб бораётгани, нафақат, фан, таълим, тиббиёт, иқтисодиётда, балки сиёсий жараёнларда ҳам хотин-қизлар иштироки тобора кенгаяётгани тўғрисида маълумот берилди.
Учрашувда аёл депутатлар, шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, “Аёллар тарғибот гуруҳи", “Бувижонлар кенгаши” каби ҳамкор ташкилотлар томонидан “Қонун ижодкорлигида аёл нуқтаи назарининг аҳамияти”, “Ҳудудларда аёллар муаммолари ва депутатлик аралашуви”, “Маҳалладаги аёллар билан мулоқот ва ижтимоий ташаббуслар”, “Аёлларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашда давлат сиёсати” ҳамда “Ёшлар минбарида – келажак етакчиларининг овози” каби долзарб мавзуларда чиқишлар қилинди.
Учрашув интерактив, яъни қизғин мулоқот, фикрлар алмашуви ҳамда савол-жавобга бой тарзда ўтди.
Учрашув сўнгида аёл депутатларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, депутатлик назорати ва жамоатчилик билан ишлаш бўйича тажриба алмашиш, қишлоқ ва шаҳарлардаги фаол аёлларнинг депутатлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб этиш каби масалаларни янада жонлантириш белгилаб олинди.
Шунингдек, фаол аёлларга партиянинг эсдалик совғалари берилди ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролар партия сафига қабул қилинди.
Ф.Раҳимова, ХДП вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари.