Депутатлар ва сенаторлар “Сенат раиси кубоги” учун мусобақага киришди
Самарқандда “Парламент ўйинлари” спорт мусобақасининг вилоят босқичига старт берилди.
Унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, сенаторлар ва Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат жамоалар спортнинг минифутбол, волейбол, бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича ўзаро беллашди.
- Мусобақа халқ вакиллари саналган сенаторлар, депутатлар ва Ёшлар парламенти аъзоларининг кўпчиликка намуна кўрсатган ҳолда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири Шерали Йўлдошев. - Айни пайтда уч босқичдан иборат мазкур “Сенат раиси кубоги” мусобақасининг биринчи босқичи бўлиб ўтяпти. Унда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари аъзоларидан ташкил топган жамоалар беллашмоқда. Минифутбол ва волейбол жамоаларида 5 нафардан иштирокчи ва бир нафардан мураббий, бадминтон ва стол тенниси бўйича эса бир нафардан иштирокчи ва бир нафардан мураббий қатнашмоқда.
Мусобақанинг иккинчи ҳудудий босқичи вилоят миқёсида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ўртасида ўтказилади. Унда ғолибликни қўлга киритган спортсеварлар мусобақанинг минтақавий босқичида қатнашади.
Тўлқин Сиддиқов.