Депутатликка номзод бўлган шахсга маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар томонидан ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.

Шунга қарамасдан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига 38-Олмазор сайлов округидан номзоди кўрсатилган А.М.Ахмедов 2019 йил 15 декабрда Чилонзор тумани Катта Чилонзор-1 маҳалла фуқаролар йиғини ва 2019 йил 16 декабрда Катта Чилонзор-2 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган ярмаркаларда иштирок этиб, “O'zLiDeP” логотипи жойлаштирилган пештахталар орқали раҳбарлигидаги ташкилот томонидан ишлаб чиқарилган ун ва ёғ маҳсулотини сайловчиларга имтиёзли, арзонлаштирилган нархда сотиш хизматини кўрсатган ҳамда сайловчилар билан учрашиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган.

Депутатликка номзод А.М.Ахмедов ўз ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 515-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан А.М.Ахмедовга нисбатан МЖтКнинг 515-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Чилонзор тумани судига юборилган.