Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Динамо” таркиби кучайтирилмоқда. Жамоага 5 нафар легионер ўйинчи олиб келинган

Про лиганинг 2023 йилги мавсумига қуръа ташланди. Унга кўра, жорий мавсумда 11 та клуб ғолиблик учун кураш олиб боради.

Лига режасига кўра, янги мавсум 15 март куни старт олади. Клублар 28 февралга қадар футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имкониятига эга.
Хўш, “Динамо”нинг дастлабки рақиби ким, жамоа таркибида қандай ўзгаришлар бўлди, футболчилар мавсумга қандай тайёргарлик кўрмоқда?
- Ўтган мавсум жамоамиз асосий таркибида тўп сурган 10 нафардан зиёд футболчи билан хайрлашдик, - дейди “Динамо” профессионал футбол клуби директори Учқун Қобилов. - Фақат асосий таркибда ўйнаган Элгужа Григалашвили (легионер), Эркин Бойдуллаев, ёш ҳужумчи Акмал Козимов, дарвозабон Фарҳод Раҳматов ва яна бир нечта футболчилар жамоада олиб қолинди.

Шунингдек, легионер футболчилар - ганалик ҳужумчи Кожо Жоел, яна икки нафар ганалик ҳужумкор яримҳимоячилар - Францис Нарх ва Менсаҳ Дэррик, россиялик марказий ҳимоячи Евгений Назаров, япониялик футболчи Коике Юдаи ҳамда клублардан Равшан Ягудин, Салим Мустафоев, Баҳодир Насимов, Комил Шарофиддинов, Хуршид Убайдуллаев сингари футболчилар билан ҳам бир йиллик шартнома тузилди.

Жамоамиз клуб бош мураббийи Вадим Абрамов қўл остида ўтган йилнинг 20 декабридан жорий йилнинг январигача ва 5 январдан ҳозирга қадар Тошкентда 2023 йилги янги мавсумга тайёргарлик жараёнини ўтказмоқда. Футболчиларимиз йиғин доирасида шу кунга қадар ўтказилган 11 та назорат ва ўртоқлик учрашувларининг бештасида ғалаба қозонди, тўрттасида дуранг қайд этиб, иккитасида мағлуб бўлди.

Про лиганинг дастлабки тур ўйинлари тақвими эълон қилинди. Унга кўра, “Динамо” 16 март куни Муборакда “Машъал”га қарши ўйин ўтказади. Унгача жамоа Тошкентдаги йиғин доирасида тайёргарликни давом эттириб, назорат учрашувларини ўтказади ҳамда футболчилар жамоанинг асосий ва захира таркибига саралаб олинади.
Дарвоқе, Самарқанд шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Юниред" клуби ҳам январь ойидан буён Про лига баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда. Тўлиқ номланиши “United Red Bridge” бўлган ушбу жамоа хусусий клуб саналади. Лазиз Раҳматов ва словакиялик инвесторлар раҳбарлигидаги жамоанинг асосий мақсади маҳаллий ёшлардан иборат курашувчан ва рақобатбардош клуб яратиш.
Алишер Латипов мураббийлиги қўл остидаги клуб янги мавсумни "Динамо" стадионида ўтказади. Жамоа сафига турли клублардан ўйинчилар синовдан ўтказилиши давом этмоқда. “Юниред” тайёргарлик жараёнини Самарқандда ўтказмоқда.
Маълумот учун, “Динамо” 2-тур учрашувини 23 март куни Самарқандда “Юниред”га қарши ўтказади.

Фазлиддин Рўзибоев.