Динимиз экстремизм ва терроризмни қоралайди

Терроризмлотинча terror – қўрқинч, даҳшат каби маъноларни билдиради. У сиёсий рақибларни, мухолифларни йўқотиш ёки қўрқитиш, аҳоли ўртасида ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги зўравонлик ҳаракатлари (таъқиб қилиш, бузиш, гаровга олиш, қотиллик, порт­латиш ва бошқалар).

Улар қаерда фаолият кўрсатмасин, асосий мақсади ислом халифалик давлатини барпо қилишдир. Ваҳоланки, бутун исломнинг пайдо бўлишида Аллоҳ ва бандалар ўртасидаги элчи (пайғамбар) бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бир ҳадиси шарифларида "Халифалик мендан ке­йин ўттиз йил давом этади, ундан кейин подшоҳликларга бўлиниб кетади", деб марҳамат қилганлар.

Экстремизм ва терроризм домига тушиб қолган кимсалар ўз мақсадларига ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб, қуролли тўқнашувлар орқали эришишни кўзлайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "…ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган каби, ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтирган каби бўлади…". (Моида сураси 32-оят).

Мазкур оятда исломнинг инсонпарварлиги кўзга ташланади. Яъни, бир кишини ноҳақ ўлдириш бутун жамиятни ўлдириш, бир кишини ҳалокатдан сақлаб қолиш эса бутун жамиятни асраб қолишдир, деб таъкидланади.

Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсундирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бу борада диндан фойдаланишга уриниш ғоят хатарлидир. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.

Масалан, Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида қарийб 8,5 миллион киши террорчи гуруҳлар тўлиқ назорат ўрнатган ҳудудда, ҳар қандай фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум бўлган ҳолда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Террорчилар гаровдагиларни қийнаб ўлдириш, хотин-қизларни зўрлаш каби жирканч ва қабиҳ ишларга қўл уриб, ўзларини эътиқоди пуч, имонсиз кимсалар эканликларини намоён этмоқда.

Бугунги кунда дунёда юзлаб террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти ислом ниқоби остида кураш олиб боради.

Бу ташкилотлар фитналаридан огоҳ бўлиш мақсадида ўсиб келаётган ёш авлодга ислом динининг асл инсонпарварлик дини эканлигини, соф исломнинг моҳиятини тушунтириш лозим.

Бугунги дунё ёшларисон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод эканлиги барчамизга аён. Улар икки миллиард кишини ташкил этади. Бизнинг келажагимиз ёш авлоднинг қандай инсон бўлиб камолга етишига боғлиқ. Шундай экан, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун уларда мафкуравий иммунитетни кучайтиришимиз зарур. Зеро, ислом дини инсониятни доимо эзгуликка чақириб, тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга буюради.

Ниёз ЭШМУРОДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

каломшунослик шўъбаси илмий ходими.