Дипломингиз йўқолдими? Ташвишланманг, дубликат олишда енгилликлар яратилган

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Мадина Қурбонованинг zarnews.uz'га маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 395-сонли қарори билан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Унга кўра, йўқолган ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган, шунингдек, шахснинг исми (фамилияси, отасининг исми) ўзгарганда таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини олиш учун давлат хизматидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларнинг дубликатини олиш хизмати қўшилди. Ушбу хизматни амалга ошириш учун аризада фуқаронинг шахсий маълумотлари, яшаш манзили ва таълим олинган муассаса номи киритилади.

Амалдаги тартибга кўра, юборилган мурожаат 15 иш кунида кўриб чиқилади.

Хизматдан фойдаланишда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида тўлов амалга оширилади.

Қулай томони шундаки, диплом дубликатини етказиш учун почта курьерлик хизмати ҳам мавжуд. Жўнатманинг ҳолати ва қўшимча маълумотларни "УзПост" саҳифаси орқали билиб бориш мумкин.

Шу кунга қадар Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида бу хизмат учун 200 га яқин ариза қабул қилинган. Мурожаатларнинг 114 таси қаноатлантирилган, 30 дан ортиқ ариза кўриб чиқиш жараёнида ва 8 та ариза асосли рад этилган.

Аризада нотўғри маълумот киритилса, рад этилади. Мурожаатчи қайд этилган олий ўқув юртида ўқимаган бўлса ҳам унинг аризаси қайтарилади.