Мақсуда Ворисова: «ДТМ фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак»

Халқ демократик партиясидан президентликка номзодини қўйган Мақсуда Ворисова мандат кечикаётгани юзасидан фикр билдирди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, натижалар тест тугаган кундан бошлаб, бир ҳафта муддатда чиқиши шарт. Таъкидлашича, аҳоли, айниқса умидвор ёшларнинг талабига жавоб бера олмайдиган Давлат тест маркази фаолиятини бутунлай қайтадан кўриб чиқиш керак.

«Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига рақамлаштириш кириб келган, имтиҳон саволларининг жавоблари тўғрилигини компьютер текшираётган вақтда натижаларни чўзиш кимга керак бўлиб қолди? Ижтимоий тармоқларда “Адолатсизлик қачон барҳам топади”, қабилидаги саволлар бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Тўғри, абитуриент қанча балл олганини қисқа муддатда билиб оляпти, аммо мандатни эълон қилишга, наҳотки бир ойга яқин вақт кетса? Бизнингча, ҳамма соҳа рақамлаштирилган даврда “баҳона излаш” бефойда. Ҳеч бўлмаганда Давлат тест маркази мутасаддилари халқ олдида ҳисобдорлигини англаб, ўз ҳаракатларига вақтида изоҳ беришлари керак», дейди Мақсуда Ворисова.

Қайд этилишича, ривожланган мамлакатларда биздаги каби ўқишга кириш бўйича баъзи тоифаларга имтиёзлар эмас, юқори билим учун рағбат, стипендиялар, таълим грантлари мавжуд. Таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртларига киришдаги имтиёзлар тизимини жиддий ислоҳ этиш зарур. Имтиёзлар фақат республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун (махсус шартлар асосида, ўз йўналишлари бўйича) қолдирилса, мантиқан тўғри бўлади. Қолган барча абитуриентлар соғлом рақобат муҳитида, адолат мезони бўйича сараланиши даркор.

Унга кўра, тўлов-контракт миқдорини белгилашда ҳам аҳолининг реал даромадларини ҳисобга олиш адолатдан бўлади. Айрим абитуриентлар контракт пулини тўлашга қурби етмагани боис ўқишни ташлаб кетади. Шунга мувофиқ, аҳолининг кам даромадли қатлами учун ҳам мақбул келадиган таълим кредити линиясини ишлаб чиқиш, уларга грантлар ажратиш, контракт миқдорини қабул пайтигина эмас, балки ўқиш жараёнида ҳам дифференциаллаштириш мақсадга мувофиқ.

«Масалан, талаба ўқув йилини аъло баҳоларга тугатса, бу унинг стипендиясига ҳам, контракт миқдорига ҳам таъсир кўрсатсин. Шунда ёшларда илм олишга иштиёқ кучаяди, таълим сифати ортади. Жамиятимиз юқори билимли, ватанпарвар, қизиқувчан, адолат тамойилларида тарбия топган ўтюрак кадрларга жуда муҳтож», дейди президентликка номзод.