Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилаётган ерларнинг учдан бир қисми заҳарланган

Бутун жаҳон бўйича фермерлик ерларининг учдан бир қисми ҳаддан ташқари заҳарли дорилар билан тўйинган. Австралия олимлари глобал тадқиқот ўтказиб шундай хулосага келди.

“Мир новостей” (2021 й. 14-сон) ҳафтаномасининг ёзишича, улар қаторига Европа фермерларининг 60 фоиз ерлари ҳам киради. Бу ерлар зарарли ҳашаротлар, бегона ўтлар, замбуруғлар ва бошқа зараркунандаларга қарши шу даражада кўп кимёвий препаратлар билан ишланганки, уларнинг миқдори хавфсизлик даражасидан минглаб марта ошиб кетди.

Сидней университети тадқиқотчилари 168 мамлакатда асосий ифлосланиш 59 гербицид, 21 инсектиция ва 10 фунгицидлардан фойдаланиши оқибатида рўй бераётганини таъкидлашди. Уларнинг айтишича, кимёвий заҳарланиш тахминан 9,4 миллион квадрат мил ҳудудда белгиланганидан ортиб кетган, қарийб 31 фоиз ер инсон истеъмоли учун зарур маҳсулотлар етиштиришга хатарли.

Энг оғир аҳвол Осиёда кузатиляпти. Бу қитъада 1,9 миллион квадрат мил майдон кимё билан ҳар қандай меъёрдан кўп зарарланган. Унинг ярми Хитойда жойлашган. Пулдор хитойликларни импорт мева ва сабзавот сотиб олишга интилаётгани бежиз эмас. Негаки, ўзларида етиштирилган маҳсулот инсон саломатлиги учун жуда хавфлидир.

Заҳарли кимёвий моддалар сезиларли даражада кўплиги Украина, Испания, Россияда кузатилмоқда. Шунингдек, Жанубий Африка, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Аргентина сув таъминоти манбаларида заҳарли кимёвий моддалар тўплангани аниқланди. Озиқ-овқат маҳсулотларидаги бундай пестицидлар одамларда турли касалликларни келтириб чиқаради. Астма, лимфо, паркинсон касаллиги ва бошқа хасталиклар шулар жумласидан.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ошиб бораётгани тижорий заҳарли кимёвий моддалардан кўпроқ фойдаланишга сабаб бўлаётир. Бу пестицидлар нафақат тупроқ ва сувни, балки кислотали ёмғир сифатида ҳавони ҳам булғамоқда. Минерал ўғитлар ва зараркунанда ҳашаротлар, бегона ўтларга қарши пестицидлар ишлаб чиқариш талаблари, таркиби, стандартларига эса ҳамма мамлакатда ҳам қатъий назорат ўрнатилмаган, дейди тадқиқотчилар.

Т.Шомуродов тайёрлади.