Дунё бўйлаб ҳар бешинчи ёш фуқаро коронавирус туфайли ишини йўқотди

Ишини йўқотмаган ёшларнинг бандлиги 23 фоизга қисқариб кетди, дейилган 27 май куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) тақдим этган баёнотда.

ХМТ ўтказган мониторингга кўра, COVID-19 пандемияси оқибатида февраль ойининг бошидан бошлаб ёшлар орасида ишсизлик сони кескин кўтарилган. Шу билан бирга ёш аёллар эркаклардан кўра кўпроқ азият чеккан.

“Пандемия ёшлар орасида нафақат ишсизлик сонининг кўпайишига олиб келди, балки уларнинг таълим олиш ва профессионал тайёргарлигига ҳам жиддий зарар етказди”, дейилган баёнотда.

Дунё бўйлаб 267 миллионга яқин ҳеч қандай касбга ёки кўникмага эга бўлмаган ёшлар мавжуд. 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган, кам маблағ тўланадиган ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган ёки меҳнат муҳожирлари сифатида қайд этиладиган бу тоифадаги ёшлар энг кўп зиён кўрган қатлам бўлиб қолмоқда.

“COVID-19 пандемияси сабабли юзага келган иқтисодий инқироз бошқа гуруҳлардан кўра ёшлар, айниқса, ёш аёлларга зарба бермоқда. Агар биз бу вазиятнинг тезда олдини олиш чораларини кўрмасак, вирус асорати ўн йиллаб кетмаслиги мумкин. Агар ёшлар истеъдоди ва қуввати тажрибасизлик туфайли иккинчи даражали бўлиб қолса, бу ҳолат келажагимизга жиддий таъсир қилади ва COVID-19 пандемиясидан кейинги тикланиш даврининг оғир кечишига олиб келади”, дея таъкидлади ХМТ бош директори Гай Райдер.