Дунё тинчлиги, тараққиёт ва адолат сари дадил қадамлар

Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда барқарор тараққиёт, хавфсизлик ва адолатли халқаро муносабатлар тизимини яратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 80-юбилей сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сўзланган нутқ ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қиладиган, халқаро ҳамжамиятни ўзаро ишонч, манфаат ва ҳамкорлик асосида янгича фикрлашга чақирган муҳим нутқ бўлди.

БМТ минбаридан туриб айтилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар ва баён қилинган позициялар орқали Президентимиз дунё ҳамжамиятини юзлашиб турган глобал хавф-хатарлар — урушлар, геосиёсий зиддиятлар, экологик инқироз, иқлим миграцияси, иқтисодий номувофиқлик ва технологиявий танқисликларга қарши биргаликда чора кўришга даъват этди. Ушбу нутқ мамлакатимиз ташқи сиёсатининг тинчликпарвар, инсонпарвар ва барқарор ривожланишни устувор қиладиган, халқаро нормаларга суянган очиқ сиёсий иродасини яна бир бор намоён қилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўта долзарб ва манзилли экани билан алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Осиё хотин-қизлар форумини доимий халқаро платформага айлантириш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” технологиялар, барқарор транспорт логистикаси учун глобал механизмларни ишлаб чиқиш, Афғонистон орқали транзит ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни ташкил этиш, ҳамда Оролбўйини қайта тиклаш бўйича глобал эътироф этилган тажрибаларни кўпайтириш таклифлари нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа ва ривожланаётган давлатлар учун ҳам катта амалий аҳамиятга эга.

Бу чиқишда нафақат ташаббуслар бор, балки жавобгарлик ҳам мужассам. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош котибининг глобал муаммоларни муроса ва дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолар экан, айнан БМТни дунёдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг маркази сифатида сақлаб қолиш кераклигини қайд этди. Бу қатъий позиция — Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги сиёсати, янги юзини англатади.

Халқаро хавфсизлик соҳасида ҳам давлатимиз ҳақиқий етакчи ва маслакдошга айланиб бормоқда. Афғонистон муаммосига нисбатан конструктив, инсонпарвар ва прагматик ёндашув, Ғазо муаммосида “икки халқ — икки давлат” тамойилини қўллаб-қувватлаш, Украина бўйича дипломатик ечимларни рағбатлантириш, Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш борасидаги ташаббуслар — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсатини амалда тасдиқлайди.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар — камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш, кичик бизнесни ривожлантириш, “яшил” энергетикага ўтиш, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш — нафақат ички барқарорликни таъминламоқда, балки бошқа давлатларга ҳам илғор тажриба сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз нутқида ушбу натижаларнинг асосий мақсади — инсон қадрини юксалтириш экани яна бир бор таъкидланди.

Бу нутқ — Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганининг ёрқин исботи. Дунё давлатлари бугун Ўзбекистонни тинчликка, барқарорликка ва ҳамжиҳатликка чорловчи ишончли шерик сифатида кўришмоқда. Айни пайтда, бу биз — сиёсий партиялар, депутатлар, жамоатчилик ва бутун халқ зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Биз, “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, давлатимиз раҳбарининг бу баёнотини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ундаги ҳар бир ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол иштирок этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Химмат Оқбўтаев,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати