Дунёдаги энг қиммат чойнак

Бу «Chitra Сollection» нодир тўпламининг “Эгоист” чойнагидир. 2016 йилда "Гиннеснинг рекордлар китоби" унинг қийматини 1 миллион долларга баҳолади ва бу ҳашаматли чойнакка ушбу мақомни берди.

Уни тайёрлаш учун 1730 соат вақт кетди. Чойнак энг юқори стандартдаги сариқ олтиндан қилинган. У қимматбаҳо тошлар (1658 та олмос ва 386 та ёқут) билан безатилган, унинг дастаси мамонт фил тиш суягидан қилинган. Марказида жойлашган 6 каратли ва қопқоғидаги 20 каратли ёқут тош алоҳида эътиборга молик.

Чойнакни ясатиш ғояси Newby Teas чой компаниясининг эгаси ва асосчиси Нирмал Сетҳияга тегишли. Чойнак фақат бир порция чой дамлаш учун мўлжалланган, шу сабабли у “Эгоист” номини олди.

"Мен “Эгоист”ни бутун дунёни чойнинг тарихий ва маданий аҳамияти тўғрисида хабардор қилиш учун яратдим", дейди жаноб Сетҳия.

Маълумот учун: Chitra Collection – бу чой маданияти билан боғлиқ ноёб антиқа буюмлар тўпламидир. 2011 йилда Нирмал Сетҳия ўз олдига маданий меросни сақлаб қолиш учун энг катта чой антикварлари коллекциясини йиғиш вазифасини қўйди. Бугунги кунда унинг марҳум рафиқаси Читранинг номи билан аталган коллекция дунёдаги энг йирик деб ҳисобланади, у 2000 га яқин буюмни ўз ичига олади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.