Дунёдаги энг хавфли аэропортлар
Узоқ масофаларга сайёҳат қилиш нуқтаи назаридан ҳаво саёҳати манзилга етиб боришнинг энг тез ва қулай йўлидир. Бироқ хавфли аэропортлар ҳали ҳам одамларни қўрқитади. Бу аэропортлардаги бир муаммо шундаки, учиш-қўниш йўлаклари ҳар доим ҳам мукаммал текис ва равон бўлмайди. Бу учувчиларнинг, айниқса, тоғдан чиқиб кетадиган ёки водийларда жойлашган учиш-қўниш йўлакларига қўниш учун маҳоратли бўлишини талаб қилади. Бугун ушбу кўрсаткичлар бўйича энг хавфли саналадиган аэропортлар билан танишамиз.
Лукла шаҳридаги аэропорт – Непал
Бу аэропорт Эверестга ташриф буюрувчилар учун асосий аэропорт вазифасини бажаради. Қўнишни қийинлаштирадиган муаммо шундаки, аэропорт тоғлар орасида жойлашган ва ниҳоятда қисқа учиш-қўниш йўлагига эга.
Куршевель халқаро аэропорти - Франция
У барча аэропортлар ичида энг қисқа - бор-йўғи 525 метр учиш-қўниш йўлагига эга. Шунингдек, асфальтланган йўлак 18,5 фоиз пастки қияликка эга, бу эса парвозни янада қийинлаштиради. Учувчилар тўғридан-тўғри Альп тоғларида қурилган йўлакнинг пастига тушишга тайёргарлик кўриш учун тор водийдан учиб ўтишлари керак. Самолётлар бу йўлакнинг охирига етгунга қадар етарли тезликка эриша олмаса, экипаж аъзолари фақат яхшиликка умид қилиб, жар тепасидан учиб чиқиб кетишади.
Малика Жулианна халқаро аэропорти - Сент-Мартен
Учиш-қўниш йўлаги олдида жамоат пляжи жойлашган. Катта самолётларнинг муваффақиятли қўниши учун 2500 метрдан кўпроқ масофа талаб қилинишини ҳисобга олсак, бу ердаги йўлак бор-йўғи 2179 метрни ташкил қилади, бу эса жуда қисқа. Дастлаб аэропорт кичик самолётлар учун мўлжалланган эди, бироқ жадал ривожланиб бораётган сайёҳлик саноати Airbus ва Boeingнинг А340 ва 747 моделларини ҳам ўзига жалб қила олди.
Паро аэропорти - Бутан, Ҳимолай тоғлари
550 метрли чўққилар билан ўралган, узунлиги бор-йўғи 1981 метрни ташкил қиладиган ушбу учиш-қўниш йўлагига фақат саккизта учувчи қўнишига рухсат берилган. Йирик самолётлар тез пасайиши кераклиги сабабли кўпчилик Парони дунёдаги энг хавфли аэропорт деб ҳисоблайди.
Мак-Мердо ҳаво станцияси - Антарктида
Антарктидага ҳамма ҳам бормайди, негаки у ерда аэропорт инфратузилмаси деярли мавжуд эмас. Бу учиш-қўниш йўлаги унчалик қисқа эмас, лекин у силлиқ муздан ясалган, бу эса қўниш мукаммал бўлмаса, самолётнинг қийшайишига олиб келади, дегани. Бу ерда бутун йил давомида ҳарорат ўртача нолдан паст, йилнинг кўп ойлари ҳар доим қоронғу ва ёруғлик йўқлиги сабабли учувчиларга тунги кўриш кўзойнакларидан фойдаланиб, қўниш ўргатилади.
Нарсарсуак аэропорти - Гренландия
Бу аэропорт ҳам доимо муз билан қопланган. Учиш-қўниш йўлаги 1800 метр баландликда ва силлиқ муз орқали ўтади, бу ҳар қандай учувчи учун қийин йўлак ҳисобланади. Об-ҳаво доимо бўронли бўлиб, шиддатли турбулентлик ва паст кўринишни келтириб чиқаради, шунинг ўзи бу жойни ҳам аэропорт ходимлари, ҳам экипаж ва йўловчиларнинг дунёдаги энг ёмон аэропорт дейишига асос бўла олади. Шамолнинг музли учиш-қўниш йўлаги билан “ҳамкорлиги” самолётнинг йўналишдан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Яқин атрофдаги фаол вулқондан отилиб чиқадиган кулнинг самолёт двигателига тиқилиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.