Дунёдаги митти ҳайвонлар
Табиийки, одамлар баъзи ҳайвонларга нисбатан жуда кичкинадир. Фил ва китлар ёнида биз аҳамиятсиз кўринишимиз аниқ гап. Бироқ, биздан анча кичкина бўлган ҳайвонлар ҳам бор. Бугун ҳайвонот дунёсининг энг кичик вакиллари билан танишамиз. Уларнинг орасида кишини ажаблантирадиганлари ҳам йўқ эмас.
Энг кичкина от
“Гиннеснинг рекордлар китоби”га кўра, «Thumbelina» лақабли от расмий равишда энг кичкина от ҳисобланади. Унинг бўйи атиги 44,5 сантиметр, оғирлиги эса 26 килограммни ташкил қилади. Ҳайвон 2001 йилда АҚШнинг Миссури штатида туғилган. Рекорд эгаси унвонини 2006 йилда олган. Миттивой Америка бўйлаб болалар боғчалари, касалхоналар ва мактабларда доиравий саёҳат қилади. Ҳақиқий юлдуз сингари унинг ўз ётоқхонаси ва ўз машинаси бор.
Энг кичик сигир
2014 йилда “Гиннеснинг рекордлар китоби” расмийлари Маник лақабли олти ёшли сигирни дунёдаги энг паст бўйли сигир деб тан олишди. Маникнинг бўйи атиги 61,1 сантиметр. Дунёдаги энг кичик сигир Ҳиндистоннинг жанубий штатидаги Атолл шаҳарчасида яшайди. “Гиннеснинг рекордлар китоби”да Маник сигирнинг қайси зотига мансублиги кўрсатилмаган бўлса-да, у Вечур зотли сигирга ўхшашлиги айтилган.
Энг кичкина айиқ
Дунёда айиқларнниг атиги 8 тури мавжуд ва уларнинг энг кичкинаси Бируанга малай айиғидир. Улар Жанубий Хитойдан шарқий Ҳиндистон ва Индонезияга қадар жуда катта ҳудудда учрайди. Эркак малай айиғининг ўртача бўйи тахминан 1,3 метр, вазни тахминан 70 килограммни ташкил қилади. Бошқа турдаги айиқлардан фарқли ўлароқ, малайлар ўзининг кулгили узун тили билан ажралиб туради, унинг узунлиги айиқ бўйининг чорак қисмига тенг. Бируанга уядан асал олиш ва дарахтлардаги чуқур ёриқлардан ҳашаротларни чиқариш учун узун тилидан фойдаланади.
Энг кичик акула
Энг кичик акула турларидан бири – Жанубий Африканинг илиқ қирғоқ сувларида яшайдиган митти тиканли акула. Ҳаёти давомида бу жонзот 25 сантиметргача ўсади. Кичик жуссасига қарамай, у кўпинча ўз узунлигидан ошиб кетадиган кальмар, қисқичбақасимонлар ва умуртқали ҳайвонларни овлайди. Инсоннинг у билан учрашиши жуда мушкул, бу акулалар 200 метрдан 1200 метргача чуқурликда яшайди.
Энг кичкина бегемот
Дунёдаги митти бегемот фақат Либерия, Сьера-Лион ва Кот-Д'ивуар соҳилларида яшайди. Маҳаллий аҳоли уларни нигбве ёки МВЕ-МВЕ деб аташади. Ушбу турдаги бегемотнинг бўйи 83, узунлиги 177 сантиметрга етади, оғирлиги эса 180 килограммдан 275 килограммгача тош босади (оддий бегемот турларининг вазни 4500 килограммга етади). Табиий шароитда пакана бегемоти йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Ўрмонларнинг доимий равишда кесилиши, ерларнинг ўзлаштирилиши ва ушбу жойлардаги фуқаролар уруши содир бўлиб туриши уларнинг камайишига олиб келмоқда. Ҳайвонот боғларида уларнинг сони ёввойи табиатга қараганда анча кўп, фойдали томони асирликда бу ҳайвонлар яхши кўпаяди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.