Дунёни ҳайратда қолдирган Фижи: гўзал табиат ва кўҳна маданият мўъжизаларига саёҳат
Фижи оппоқ қумли соҳиллари, пурвиқор пальма дарахтлари ва ноёб маржонқояларининг оҳанрабоси билан сайёҳларни ҳар доим маҳлиё этади.
Тинч океанининг марказида, Янги Зелландия ва Австралиянинг шимол томонида фусункор Фижи ороллари жойлашган. Фижи ороллари ўзида 332 та оролни жамлаган. Мамлакатнинг 87 фоиз аҳолиси асосан икки катта оролда истиқомат қилади. Фижи - ерли халқ тилидаги "ижи" -"уй" сўзидан олинган. Оролга бу номни 1774 йилда Жеймс Кук берган.
Катталиги бўйича иккинчи ўринда турадиган Вануа Леву оролида энг кўп сайёҳлик хизматлари таклиф этилади. Ер остидан сизиб чиқувчи иссиқ булоқда чўмилиш, велосаёҳат, маржонқоялар бўйлаб сайр шулар жумласидан.
Август Фижида ҳарорат энг пасаядиган ой саналади. Ороллар мамлакатининг энг иссиқ даври эса февраль ойига тўғри келади.
Бир пайтнинг ўзида икки минг тупдан ортиқ орхидеядан баҳраманд бўлишни истаганлар Фижидаги ботаника боғига ташриф буюришлари мумкин. Боғ ўзи жойлашган "Уйқудаги баҳайбат одам" тоғи номи билан аталган. Бу ерда дунёдаги энг ажойиб орхидеялар ўсади.
Оролликларнинг урф-одатларига кўра бу ерда қуёшдан сақловчи кўзойнак ва шляпада юриш раҳнамоларга хос саналади. Сиздан ҳурмат билан уларни ечиб қўйиш сўралиши мумкин.
Оролда чойчақа беришдан ҳам сақланган маъқул. Негаки, ерли халқда бу одат ҳурматсизлик саналади.
Фижининг Овалау оролида ям-яшил Ловони қишлоғи бор. Бу қишлоқ қадимий вулқон ўпқонида жойлашган. Ер юзида бир нечта мана шундай масканлар бор. Сайёҳлар Ловонини осуда ҳаёт тарзи ва сокин табиати учун ғоят қадрлашади.
Фижининг баъзи оролларида истиқомат қилувчи ҳинду қабилаларида ғалати одат мавжуд. Улар вафот этган яқинларини ўз ҳовлиларида, баъзи ҳолларда эса ҳатто уйларида дафн этишади.