Дунёнинг энг яхши ўқув юртлари қаторига кириш учун нима қилиш керак?

Мамлакатимизнинг етакчи университетлари, шу жумладан Самарқанд давлат университетига 2030 йилга қадар QS (Quacquarelli Symonds) ва Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг базаларида 500 та энг яхши ўқув юртлари қаторига киришдек катта мақсад қўйилган. Мисол учун, сўнгги 15-20 йил ичида ушбу йўналишда олиб борилган самарали ва мақсадли ишлар натижасида Aл-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университети ушбу рейтингда бугунги кунда Марказий Осиё университетлари учун энг юқори бўлган 165-ўринни эгаллаб турибди.

Хўш, қўйилган бу эзгу мақсадга эришиш осонми? Бунинг учун нима қилиш, нималарга эътибор қаратиш керак? Келинг, шу ҳақда фикр юритайлик, дунёнинг энг яхши ўқув юртлари қаторига кириш учун зарур бўлган илмий фаолиятни муҳокама қилайлик.

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, фундаментал фан илмий дунёқарашни шакллантириш билан боғлиқ энг муҳим вазифани бажаради ва нафақат инсониятнинг умумий билимларининг асоси, балки билимлар фондини тўлдириш ва авлоддан-авлодга узатиш бўлган таълим тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу жиҳатдан фундаментал фанлар томонидан олинган билимларсиз илмий-техникавий тараққиёт ва инсон фаолиятининг ҳар қандай соҳасида юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлаш мумкин эмас. Демак, биринчи эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳат – шу.

Иккинчидан, QS рейтингида юқори даражаларга эришиш учун муҳим мезонлардан бири - “ELSEVIER” нашриёти қошидаги турли халқаро рейтинг агентликлари томонидан қўллаб-қувватланадиган SCOPUS халқаро илмий-техникавий маълумотлар базасининг индексланган илмий журналларида кейинги беш йил давомида университет ўқитувчи-профессорлари томонидан нашр этилган илмий мақолаларнинг мавжудлигидир. Шунингдек, халқаро Web of Science (WоS) ҳамда Google scholar маълумотлар базаси библиометрик маълумотларнинг нуфузли манбалари ҳисобланади. Хусусан, астрофизиклар учун кундалик фойдаланадиган бепул оммабоп илмий платформа ADS NASA маълумотлар базаси бўлиб, ҳозирда усиз ўз илмий фаолиятимизни тасаввур қила олмаймиз.

Учинчидан, сўнгги йилларда Хирш индекси (h-индекс) дунёда ёш тадқиқотчиларни катта илмий ташкилотда доимий иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилишда ёрдамчи омиллардан бири бўлиб келмоқда. Хирш индекси – бу алоҳида олим, бир гуруҳ олимлар, илмий ташкилот ёки умуман, мамлакат маҳсулдорлигининг миқдорий характеристикаларидан бири бўлиб, у халқаро таҳрирланувчи юқори импакт факторга эга журналларда чоп этилган мақолаларнинг иқтибослари асоси ҳисобланади. Шунингдек, Хирш индекси илмий жамоатчиликнинг кўрсаткичи бўлиб, мамлакат кесимида илмий тадқиқотлар халқаро ҳамкорликда қай даражада иштирок этишини акс эттиради.

Фундаментал соҳада муваффақиятли фаолият олиб борувчи тадқиқотчининг h-индекси камида унинг илмий фаолиятининг давомийлигига тенг бўлиши бутун дунёда бир хил қабул қилинган. Масалан, 55 ёшли олим, 30 йиллик илмий тажрибага эга илмий раҳбар учун ушбу индекс тахминан 30 йил бўлиши керак: бошқача айтганда, бу индекс ҳар йили биттага ошиб бориши лозим. Бироқ, таълим ташкилотлари – университетларнинг етакчи олимларининг Хирш индексининг медиан қиймати ушбу кўрсаткичга етиб бормайди ва бу тегишли вазирликлар учун жиддий сигналдир. Бунинг сабабини қуйидагича тушунтириш мумкин: биринчи навбатда ўқув юкламаси юқори бўлгани сабабли етакчи олимларнинг рақобатдош илмий тадқиқотлар ўтказиш учун бўш вақтларига эга эмас. Иккинчидан, халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган тегишли экспериментал базанинг йўқлиги ва учинчидан, маълум бир илмий соҳада тадқиқотнинг устувор йўналишларини тўғри белгилашга имкон бермайдиган, мамлакатдан бошқа мамлакатга олимларнинг ўзаро малака ошириши учун сафарлари учун маблағларнинг етишмаслиги мавжуд.

Бундан ташқари, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сўнгги SCOPUS мукофот маросимида 34 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондек катта давлатда 20 дан баланд Хирш индексига эга бўлган бор-йўғи 15 нафар олим борлиги бу мамлакатда фундаментал фаннинг қониқарсиз ҳолатда эканини билдиради. Мамлакатда энг кўп тилга олинган олимлар, SCOPUS ва Web of Science вакиллари томонидан бир неча бор таъкидланганидек, физиклар бўлишига қарамай, биз илмий кўрсаткичлардан қониқиш ҳосил қилмаймиз ва мамлакатдаги барча олимларни рақобатбардош илмий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, кейинчалик халқаро юқори импакт факторли журналларда нашр этишга чақирамиз. Ўйлаймизки бу Web of Science ёки SCOPUS маълумотлар базалари рейтингларида мамлакатимизни юқори ўринларга олиб чиқади.

Шу ўринда фикрларимизни шаффофлаштирувчи яққол мисолни келтирмоқчиман. Қуйида бизнинг гуруҳимизнинг мамлакатда “Релятивистик астрофизика” йўналиши бўйича салоҳиятни акс эттирувчи жадвали берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти назарий астрофизика лабораториясининг  илмий даражага эга бўлган ҳодимларининг илмий самарадорлиги

Ф.И.Ш

H-индекс

(Scopus  бўйича)

H-индекс (Google Scholar  бўйича)

Умумий ҳаволалар сони

Илк имий иши чоп  этилган йил

Тажрибаси (йилда)

H- индекснинг ҳар бир йилда ўртача ўсиш суръати

1

Ahmedov Bobomurat

25

31

3000

1993

28

31/28=1,1

2

Abdujabbarov Ahmadjon

21

26

1800

2009

12

26/12=2,2

3

Toshmatov Bobir

14

16

700

2014

7

16/7=2,2

4

Tursunov Arman

10

12

500

2013

8

12/8=1,5

5

Abdikamоlov Askar

10

11

500

2018

3

11/3=4

6

Shaymatov Sanjar

7

8

200

2011

10

8/10=0,8

7

Atamurotov Farruh

10

10

500

2013

8

10/8=1,3

8

Mardonov Shuhrat

6

6

100

2011

10

6/10=0,6

9

Rayimbaev Djavlanbek

5

5

100

2015

5

5/5=1.0

 

Ўртача қиймат

12

14

900

 

 

1,6

Бизнингча, барча университетларда, хусусан, СамДУнинг ҳар бир кафедраси бўйича ишларнинг ҳолатини текшириш учун илмий даражага эга бўлган ходимлар учун шундай жадвал тузилса яхши бўлар эди. Ушбу жадвалда биринчи иккита устундаги рақамлар SCOPUS ва Google илмий маълумотлар базасидаги Хирш индексларини акс эттиради. Кейинги устун ҳар бир муаллифнинг ишларига ҳаволаларнинг умумий сонини кўрсатади. Жадвалда халқаро журналда муаллифнинг биринчи мақоласи пайдо бўлган йилни акс эттирадиган устун мавжуд. Олимнинг Хирш индексининг ўсиш суръатларини кўрсатадиган сўнгги устун алоҳида аҳамиятга эга. Хирш индексининг энг юқори ўсиши – йилига 4 бирликка ошиши Aскар Aбдикамоловда қайд этилди. Унинг номзодлик диссертацияси институтимиз билан тузган шартномаси доирасида QS рейтингида 34-ўринни эгаллаган Хитойнинг Фудань университетида тайёрланди ва муваффаққиятли ёқланди. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз ва келажакда мамлакатнинг фундаментал фанини ривожлантириш мақсадида янада самарали ишлаймиз.

Бу Самарқанд давлат университетининг дунёнинг энг яхши ўқув юртлари қаторига кириши учун талаб қилинадиган бир жиҳат - илмий фаолиятни ривожлантиришда нимага эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги фикрларимиз. Албатта, бундан ташқари талабаларга сабоқ беришдаги сифат, инновация, замонавий усуллардан фойдаланиш ва талабалар эришган натижалар ҳам эътиборли. Бу эса алоҳида мавзу.

Бобомурод АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси ФА Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири, физика-математика фанлари доктори, академик.

Аҳмаджон АБДУЖАББОРОВ,

ФА Астрономия ва ядро физикаси институтлари бош илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор.