ДХХ Тожикистонга тиббий ниқоб олиб ўтаётганларни ушлади
ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимларининг божхона ходимларини жалб этган ҳолда ўтказган тезкор тадбири давомида Узун тумани Янгиобод МФЙнинг Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидан ўтувчи «Кофирнихон» дарёси қирғоғида полиэтилен қопларга жойлаштирилган 5 турдаги дори воситалари ва 15 000 дона тиббий ниқоблар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Шунингдек, туманнинг Ўланқул маҳалласидаги хонадонлардан бирида эса 20 000 дона фильтрли тиббий ниқоблар борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари доирасида аниқланишича, мазкур дори воситалари ва тиббий ниқоблар маҳаллий фуқаро «Б.Ф.»га тегишли бўлиб, уларнинг умумий қиймати 356 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади.
Мўмай даромад топиш мақсадида «Б.Ф.» ушбу дори воситалари ва тиббий ниқобларни «ўзбек-тожик» давлат чегарасининг назорат қилиниши қийин бўлган қисми орқали Тожикистон Республикасига ўтказишни режалаштирган.