ДХХ вилоят бошқармаси раҳбари ёшларнинг таклифларини қўллаб-қувватлади
Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ёшлар муаммоларни ҳал этиш ва таклифларини эшитиш мақсадида туманларда “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ни ўтказмоқда. Ана шундай учрашувнинг галдагиси Пахтачи ва Нарпай туманларида ўтказилди.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ва туман ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида ўтказилган учрашувларда ёшлар спорт майдончалари қуриш, спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, IT соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш масалаларида ёрдам сўради.
Жумладан, Пахтачи тумани Худойберди маҳалласида яшовчи Адҳам Шодмонов маҳаллада ташкил қилган автомобиль таъмирлаш устахонасини ривожлантириш бўйича мурожаат қилди ва унинг устахонасига ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан керакли асбоб-ускуналар етказиб бериладиган бўлди.
Туманнинг Сардоба маҳалласида истиқомат қилувчи Барот Тожиев тенгдошларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, киберспортни ривожлантириш ва компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида компьютер жамланмалари сўради. Унинг таклифлари қўллаб-қувватланиб, ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан амалий кўмак берилиши маълум қилинди.
Учрашувда нарпайлик ёшлар етакчилари томонидан мурожаатлар кўп бўлди. Жумладан, Умид маҳалласи ёшлар етакчиси Бекмурод Нурмуродов туманда кураш спорт мактаби қуришда ёрдам сўраб қилган мурожаати атрофлича ўрганиб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, Муқимий маҳалласи ёшлар етакчиси Ўткир Авазовнинг туман марказидаги бўш турган бинони ёшлар марказига айлантириш бўйича мурожаати юзасидан туман мутасаддиларига кўрсатма берилди.
Учрашувларда иккала туман ёшларини қийнаб келаётган ўнлаб муаммоларга ечим топилди. Ташаббус ва ғоялари маъқулланиб, муддат талаб қиладиган муаммолар мутасаддилар зиммасига юкланди.
Учрашув сўнгида ёшларга мутасаддилар томонидан китоблар жамланмаси тарқатилди.