Егулик ва дорилар қатори китобни ҳам реклама қилайлик!

Бу гап ёзувчи Каримберди Тўрамуроднинг публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат билан суҳбатлари жамланган “Марафонча югуриш” номли китобининг тақдимот маросимида такрор-такрор тилга олинди.

“Самарқанд китоб олами” мажмуасида ташкил этилган тадбирда таниқли икки ижодкорнинг мухлислари, яқинлари, китобсеварлар иштирок этди.

- Бу китоб Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ҳамда Нусрат Раҳматнинг 80 йиллик юбилейига тўёна сифатида нашрдан чиқарилди, - дейди журналист Тошпўлат Раҳматуллаев. – Китоб чоп этилишидан олдин уни ўқиб чиқдим. Менга масъулиятли иш - сўзбоши ёзиш юклатилган эди. Устоз Нусрат Раҳматни қайтадан кашф қилдим. Унинг адабиёт, шеърият, журналистика, жамият, инсон умрининг мазмуни тўғрисидаги суҳбатларидан ибрат олдим.

Тақдимот маросимида ёшларнинг мутолаага қизиқишини ошириш учун кўпроқ адабиёт кечаларини, дори дармон, ош ва бошқа егуликлар ҳақидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, рекламалар қатори китоб тарғиботи тадбирларини ўтказса мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.