“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти биринчи ўқитувчисига Вена шаҳридан гуллар юборди
Азиз Ортиқов Ургут туманидаги 93-умумтаълим мактабида бошланғич таълим олган. Ўрта таълимни Самарқанд шаҳридаги 45-умумтаълим мактабида тамомлаб, 2017-2021 йилларда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида таҳсил олган.
Азизбек 2023 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2-танловида ғолиб бўлди. Айни пайтда у Австриянинг Вена шаҳрида давлат ва жамият бошқаруви, бизнесни бошқариш йўналишида таҳсил олмоқда.
Ургут туманидаги 93-умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари билан Азизбек Ортиқовнинг онлайн мулоқоти ташкил этилди. Мулоқотда Азизбек мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, ўқувчиларни ўз устида тинмай ишлашларига даъват этди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти тўғрисида тушунча берди.
Тадбирда Азизбек эришган барча ютуқларида ўқитувчиларининг ҳиссалари беқиёс эканлигини таъкидлаб, биринчи ўқитувчиси Мақсуда Хушвақтова ҳамда бошқа устозлари ва онасига гуллар юборди. Шунингдек, мактаб кутубхонасига 30 та турли бадиий ва тил ўрганиш бўйича китоблар жамланмаси совға қилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.