Элчилар дарс берадиган, Марказий Осиёдаги ягона университет қаерда жойлашган?
Самарқандда туризм ва спорт вазирлиги томонидан вилоятдаги туризм объектларига инфо-тур ташкил этилди.
Республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари даставвал «Ипак йўли» туризм халқаро университети билан яқиндан танишди.
Инновацион спорт зал, ўзига хос конфренц зал, нақ йўлакларнинг ўзида мослаштириб ташкиллаштирилган нутқни ривожлантирувчи бурчаклар, ипак йўлининг асосий маҳсулоти саналган ипак, зираворлар ва чой бурчаклари, Марказий Осиё халқларининг миллий либослари жамланган кўргазма – ҳаммаси замонавий шакл ва дид билан университет биносида жамланган.
Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган маъруза хоналари, кутубхона ва сузиш ҳавзаси – ҳаммаси кўргазма учун эмас, талабаларнинг сифатли билим олишлари учун хизмат қилмоқда.
- Хитойнинг Guilin Tourism университети, Чехиянинг Logistic High School, Индонезиянинг Jakarta Sahid Polytechnic ҳамда Surakarta turizm Sahid каби жаҳон университетлари билан «икки диплом» дастури доирасида шартномалар имзолаганмиз, - дейди Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири, «Ипак йўли» туризм халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов. – Шунингдек, амалиёт ўташ учун 20 га яқин меҳмонхоналар билан шартномалар имзоланган. Университетда Австралия, Польша, Хитой ва бошқа хорижий давлатлардан ўқитувчилар келиб дарс ўтишади. Шунингдек, навбати билан хориж давлатларининг элчилари машғулот ўтиши ҳам анъанага айланди. Элчихоналар билан ҳамкорликда университетга қатор ноёб китоблар келтирилди. Шунингдек, туризм соҳасини ўрганаётган талабалар фақатгина вилоятлар эмас, мамлакатимизнинг туман, қишлоқлари ҳақида ҳам билишлари зарур. Келгусида ҳудудларда туризм зоналарини ташкил қилишга бош қўшадиган инсонлар ушбу таълим муассасаси битирувчилари бўлиши керак. Шунинг учун мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш имкониятлари бўлган туманлар ҳақида мавжуд китобларни ҳам йиғиб, кутубхонага келтирдик.
Дарвоқе, университет кутубхонаси ушбу таълим муассасасининг бошқа хоналари сингари ноодатий: ҳам шаклан, ҳам мазмунан. Кутубхона деворларига илинган суратлар ҳам шунчаки, чирой учун эмас. Уларнинг ҳар бирига QR-код орқали кириб, туризмга оид журналларни варақлаб чиқишингиз мумкин.
Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган алоҳида жиҳат, университетда жойлашган лаборатория бўлди. Одатда лаборатория деганда аниқ фанлар билан шуғулланувчи касб эгалари шуғулланадиган, турли кимёвий ва бошқа асбоблари мавжуд хона тушунилади.
- Туризм соҳасини ўрганувчи талабалар меҳмонхона ишини ташкил қилишни аъло даражада ўзлаштиришлари лозим, - дейди университетда халқаро маслаҳатчи сифатида фаолият юритувчи Алия Оспанова. – Шунинг учун лабораториямизда кичик меҳмонхона ташкил этилган бўлиб, бу ерда талабалар каравотни тўғри текислашдан тортиб, сочиқлар қай тартибда туриши, ресторанда идишлар жойлашуви, меҳмонхонадаги тозалик ва бошқа сервисларнинг халқаро андазаларини ўрганишади. Афсуски, мамлакатимизда меҳмонхоналар кўп бўлса-да, уларнинг барчаси ҳам халқаро стандартларни ўзида мужассам этмаган. Бу эса кадрларнинг етарли бўлмагани билан боғлиқ.
Дарвоқе, мазкур университет битирувчиларига иш ҳозирдан тайин: инглиз ва бошқа хориж тилларида бемалол сўзлашадиган талабаларга Самарқанд шаҳрида қурилаётган туристик марказда иш таклиф қилишган.
Журналистлар ҳозирча мамлакатимиздаги ягона бўлган Конигил туризм қишлоғи, янги ташкил қилинган Ўсматбой санъат галереяси ҳамда шахмат кафеси билан танишдилар.
Гулруҳ Мўминова.