Электорал маданият - бу сайловларда иштирок этиш, ҳуқуқий билим ва сиёсий фаоллик
Бугун дунёнинг демократияга асосланган мамлакатларида сайловларнинг давлат бошқарувида тутган ўрни беқиёс. Чунки “демократия” сўзи юнончадан олинган бўлиб, “халқ ҳокимияти”, деган маънони билдиради. Демократиянинг икки кўриниши мавжуд. Яъни, бевосита демократия ва билвосита демократия. Бевосита демократия фуқароларнинг давлат бошқарувида тўғридан-тўғри иштирок этиши бўлиб, бу референдумларда қатнашиш орқали таъминланади. Демократиянинг кейинги кўриниши биз учун муҳим бўлган билвосита, яъни вакиллик демократиясидир. Бунда фуқаролар давлат бошқарувида ўзлари сайлаган вакиллар орқали иштирок этади. Демократиянинг юқоридаги икки кўриниши ўз ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан олади. Сўз юритилаётган мавзумиз - электорал маданият айнан вакиллик демократиясида муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, электорал маданият ўзи нима?
Электорал сўзининг этимологияси лотинча “elektor” – сайловчи сўзига бориб тақалади. Электорал маданият эса фуқароларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш учун сайловларда иштирок этиши, сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий билимларга эга бўлиши, умуман олганда, мамлакатда ўтказилаётган сайловлар жараёнида намойиш қиладиган сиёсий фаолликлари тушунилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда сайловга оид қонунчиликни такомиллаштириш, сайлов жараёнларини демократлаштириш ва фуқароларнинг электорал маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар самарасида сайловлар ўзининг иккинчи босқичига кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, Сайлов кодекси қабул қилиниб, унинг асосида 2019 йил 22 декабрда “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловларда илк бор 5 та сиёсий партия иштирок этди. Сайловларнинг очиқ-ошкора, халқаро стандартлар асосида ўтказилишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлат ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи, жумладан, биринчи марта Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси иштирок этди.
Демак, демократик давлатларда сайловларни шаффоф, халқаро стандартларга ва демократизм принципларига мос тарзда ташкиллаштириш ҳамда ўтказишда аҳолининг айнан электорал маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Буни яққол англаб етиш учун ҳар бир фуқаро, авваламбор, ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиши, давлат тақдири келажак-авлод тақдири эканлигини билиши зарур. Чунки демократиянинг туб моҳияти халқ ҳокимиятчилигини англатар экан, сайловларда иштирок этишни мажбурият деб эмас, балки имконият деб қабул қилиш ўринли бўлади.
Сайловларда фуқароларнинг иштирок этишига оид статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, ривожланган давлатларда сайловларнинг аҳолини қамраб олиш даражаси анча юқори эканлигини ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Ҳатто, айрим давлатларда сайловларда аҳолининг тўлиқ иштирокини таъминлаш мақсадида овоз бериш мажбурий ҳисобланади. The World Factbook маълумотлар базасининг қайд этишича, дунёнинг 21 та мамлакатида мажбурий овоз бериш тизими амал қилади. Бу мазкур давлатлар фуқароларининг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ўрнатилган тартиб саналади. Шундай бўлса-да, ушбу давлатларнинг кўпчилигида сайловларда узрли сабабларга кўра (масалан касаллик), иштирок этмаганлар учун жавобгарлик мавжуд эмас.
Шуни таъкидлаш лозимки, Конституциямизнинг 32-моддасида мустаҳкамланган сайлов ҳуқуқидан барча фаол фойдаланиши, сайловларда иштирок этиши мамлакат келажаги, миллат равнақи учун жуда аҳамиятлидир. Шунинг учун, ҳар бир фуқародан сайлов жараёнларида юксак мулоҳазакорлик ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси талаб этилади. Негаки, халқ кимга ишонч билдирса, эртага у бутун мамлакат тақдирини белгилаб берувчи жараёнларни бошқаради.
Улфат Шоназаров,
Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.