Электр энергияси ҳисобининг автоматлаштирилган тизими - АСКУЭга уланишнинг афзаллиги нимада?
Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш, ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан маълум қилинишича, жорий этилаётган янги тизим қуйидаги афзалликларга эга:
Ҳисоблагич ўрнатилгач, АСКУЭга уланади, код киритилиб, ҳисоб-рақам очилади. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар автоматик тарзда етказиб турилади. Мобиль телефон рақамига уланиш тўловни уйдан чиқмай “on-line” режимида амалга ошириш имконини беради. Муҳими, “шахсий кабинет” орқали ҳар бир истеъмолчи қанча электр энергияси сарфлаганини кузатиб туриш имконига эга бўлади.
Шу боис энди истеъмолчи электр таъминоти корхонаси ёки банкда навбат кутмайди. Янги тизимга улангач, истеъмолчи электр ҳисоблагич кўрсаткичини суратга олиб, ниманидир исботлашига ҳожат қолмайди. Бундан ташқари, “Ҳисоблагичингиз кўрсаткичини ёзиб олай”, деб ҳам ҳеч ким безовта қилмайди.
Янги тизимда ҳисоблагичдаги маълумотларни компьютер назорат қилади. Электр таъминоти корхонаси ходимлари уйма-уй юришга кетадиган вақтини истеъмолчиларда юзага келадиган техник бузилиш, қисқа туташув ва бошқа ҳолатларни бартараф этишга сарфлайди.
Янги тизим истеъмол қилинган электр энергияси ҳақидаги маълумотларни йиғишда инсон омили таъсирини камайтириш баробарида сансалорликка чек қўяди.
Янги авлод ҳисоблагичлари 10 йилда бир маротаба қиёсловдан ўтказилади.
Етказиб берувчи нуқтаи назаридан янги «ақлли» ҳисоблагичнинг яна бир хусусияти шундаки, маълумотларни сохталаштиришга уриниш, яъни ҳисоблагичга таъсир ўтказиш ҳолатлари юзага келса, ҳисоблагич дарҳол ўчади ва тизимга хабар жўнатади. Истеъмолчи етказиб берилган электр энергияси учун тўловни вақтида амалга оширмаган тақдирда масофадан ўчиш хусусиятига эга.