Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эмланган моллар нобуд бўлганми? Ветеринария қўмитаси ҳолатни ўрганди

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг майда шохли молларнинг нобуд бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари томонидан батафсил ўрганилди.

Маълум бўлишича, воқеа Навбаҳор тумани «Эргаш Ҳусен» фермер хўжалигида содир бўлган. Хўжалик туманнинг Сармиш тоғли ҳудудида жойлашган бўлиб, тасарруфида 800 бош майда шохли мол мавжуд. Отардаги қўйлар 2019 йил 26 декабрь куни брадзот касаллигига қарши эмланган. 2020 йил 7 январидан 11 январигача отарда 15 бош қўй ва эчки нобуд бўлган.

Навбаҳор тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари томонидан 7 январь куни нобуд бўлган 1 бош эчки ва 1 бош қўй патанатомик ёриб кўрилган. Ёриб кўриш натижаси бўйича ушбу молларда ошқозон-ичак тизимида кучли шамоллаш ҳамда катарал пневмония белгилари кузатилган, брадзот касаллиги қўзғатувчилари эса аниқланмаган.

Ўрганишлар натижасида «Эргаш Ҳусен» фермер хўжалиги чорва моллари кечаси ва эрталаб яйловда боқилиши, тоғли жойда кечаси ҳарорат — 50-70 даражагача совиб кетиши, шудринг эрталаб соат 10-11 ларгача сақланиб туриши, ҳар куни совуқ шамол эсаётган паллада сурувнинг очиқ ётоқда сақланиши ҳолатлари аниқланган. Таъкидланишича, бундай ҳолатлар «Эргаш Ҳусен» фермер хўжалиги чорва молларининг баъзиларида шамоллашнинг келиб чиқишига омил бўлган.

Қўйларни эмлашда фойдаланилган препарат «Ҳайвонларнинг клостридиоз касалликларига қарши эмлама» бўлиб, барча кўрсаткичлар, шу жумладан, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича белгиланган меъёр ва талабларга мос бўлиб, тегишли мувофиқлик сертификатига эга.

Ушбу қўйларнинг брадзот касаллигининг олдини олиш учун қўлланиладиган эмлама фаолсизлантирилган, зарарсиз эмлама бўлиб, ҳайвон организмига юборилганда касаллик келтириб чиқариш хусусиятига эга эмас.

Ижтимоий тармоқларда Навбаҳор туманида брадзот касаллигига қарши эмлангандан сўнг майда шохли молларнинг нобуд бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар асоссиз бўлиб, 2019 йилда Навбаҳор туманида 26 минг бошдан ортиқ, жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг бошга яқин майда шохли моллар ушбу касалликка қарши эмланган. Шу кунгача бирор хўжалик молларида асоратлари кузатилмаган.