Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даъволайди
Жамиятда ветеринария касбининг муҳимлиги ва инсоният тараққиётидаги аҳамияти, шунингдек, ветеринария ташкилотлари ва ветеринария врачларининг нуфузини янада кўтариш мақсадида 2000 йилдан буён ҳар йили апрель ойининг охирги шанба куни бутун дунёда “Халқаро ветеринария куни” нишонланади.
Бугун инсоният глобал ечим талаб этадиган кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Улардан энг асосийси, озиқ–овқат хавфсизлиги муаммоси, шунингдек, инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаб турган атроф-муҳитда вужудга келаётган юқумли касалликларнинг тарқалишидир. Касалликлар давлатларга катта иқтисодий зарар келтириш билан бирга, инсонлар ҳаётига ҳам ҳамиша катта хавф солади.
Мамлакатимизда бунинг учун барча ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар мунтазам олиб борилади. Асосан, четдан кириб келиши мумкин бўлган инсонлар ва ҳайвонлар учун хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олди олиниб, барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.
Ҳар йили апрель ойининг охирги шанбасида Ер шарининг турли нуқталарида Халқаро ветеринария куни (World Veterinary Day) нишонланади.
Ўзбекистонда ушбу инфраструктуранинг ривожланиши ҳудудларда эпизоотик ва эпидемик барқарорликни, аҳолини хавфсиз ва истеъмолга яроқли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва халқаро савдо алоқаларининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон 1992 йилдан буён Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти аъзоси ҳисобланади.
Марказий Осиёда ягона бўлган Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети айнан шу соҳа учун мутахассис–кадрлар тайёрлайди. Таълим масканида бугун жами 6,5 минг нафардан зиёд талаба–ёшлар таҳсил олмоқда.
Таълим муассасасида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, халқаро талабларга жавоб берадиган такомиллаштирилган ўқув режалар, ўқув дастурлар асосида ўқув жараёни ташкил этилган бўлиб, илк бор “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши ўқиш муддати 5 йил этиб белгиланди. Университетнинг барча таълим йўналишлари ва мутахассисликларида ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилган ва HEMIS платформасида олиб борилади. Ўқув жараёнида янги ахборот ва педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан йўналишлар ва мутахассисликлар хусусиятидан келиб чиқиб, ўқув семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, очиқ маъруза ва амалиёт, лаборатория машғулотлари ташкил этилиб, ёш иқтидорли ва қобилиятли ўқитувчиларда педагогик маҳорат шакллантирилиб борилмоқда.
Университетда айни кунда 381 нафар профессор–ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий давлатларнинг илғор ОТМларидан 23 нафар профессор-ўқитувчилар офлайн ва онлайн тарзда университет ўқув жараёнига жалб этилган.
Бу касб эгаларини эъзозласак арзийди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ветеринария куни шу соҳадаги ишларни кенг ёритиш ва хабардорликни ошириш мақсадида нишонланади. Ҳайвонлар билан тил топишиш осон иш эмас. Ўз дардини шифокорига айтиб беролмайдиганларни даъволаш учун кишидан катта қалб, сабр–тоқат ва юксак билим талаб этилади.
Замонавий оламда бу соҳа ҳам анча тараққий этган. Бугунги кун ветеринар шифокорлари етук билимли ва замон билан ҳамнафас кадрлардир. Ўз касбининг фидойиси бўлган барча мутахассисларга Халқаро ветеринария куни муборак бўлсин, деймиз.
Худойназар Юнусов,
СамДВМЧБУ ректори, биология фанлари доктори, профессор. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор.