Ветеринария хизматига эътибор қачон ошади?
Афсуски, бир неча маротаба мурожаат қилишимизга қарамасдан вилоят “Чорванаслбирлашмаси”дан ўтган вақт давомида хориждан қанча наслли қорамол келтирилгани ва ҳозирда вилоят бўйича нечта чорвачилик хўжалиги фаолият юритаётгани ва уларга жами неча гектар ер ажратилгани, қанча гўшт ва сут ишлаб чиқарилгани каби саволларга жавоб ололмадик.
Чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан соҳада кутилганидек катта ўсиш суръати ҳам кузатилмаяпти. Хўш, нега?
Биринчи муаммо - озуқа базасининг етишмаслиги, иккинчиси - кейинги йилларда хўжаликларга ем етказиб берадиган шохобчаларнинг тугатилгани. Қолаверса, зотдор чорвадан насл олиш, сунъий уруғлантириш ишлари ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаяпти. Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда вилоят бўйича 335 та ветеринария шохобчаси ишлаб турибди ва улар керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, олий маълумотли мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Самарқанд ветеринария медицинаси институтида йилига 300 га яқин ветеринар мутахассис тайёрланади. Демак, соҳада кадрлар етишмовчилиги муаммоси йўқ, барча муаммо малакада.
Мавзуни Жомбой тумани мисолида давом эттирсак.
Тумандаги 28,7 минг хўжалик ихтиёрида 54,3 минг йирик шохли ва 24,8 минг майда шохли чорва моллари, 700 дан ортиқ от ва 160 мингга яқин парранда бор. Улар туман ветеринарлари томонидан 24 хил касалликка қарши эмланади.
- Туманимизда 20 та ветеринария шохобчаси бор ва уларда 12 нафар олий, 8 нафар ўрта маълумотли ходим меҳнат қилади, - дейди туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи ўринбосари Аслам Абдураҳимов. – Аммо 20 та пунктнинг бирортасида ишлаш учун бино ҳам, иш техникаси ҳам йўқ. Шунчаки, ҳудудларнинг узоқ-яқинлиги, чорва бош сонининг кам-кўплигига қараб пунктлар ташкил этилган. Масалан, туман марказидаги 7 маҳаллага битта ветеринар врач бириктирилган, Полвонариқ маҳалласида эса битта ветврач 50 километргача олисдаги аҳолига ветеринария хизмати кўрсатади. Ветврачларнинг маоши эса тажрибасига қараб 700-800 минг сўмни ташкил этади. Ветеринарларда лаборатория жиҳозлари (термометр, УЗИ, рентген, жарроҳлик асбоб-ускуналари) бўлмаса врач қандай қилиб малакали хизмат кўрсатади? Ветеринар врач ва ҳатто, бўлимда ҳам бирорта хизмат техникаси бўлмагандан кейин мутахассис чорва молини даволаш учун қандай қилиб тезда етиб боради?
Туманнинг Бешбола маҳалласида яшовчи Гулнора Бекчанова 2017 йилда Миллий банкнинг туман филиалидан 6,5 миллион сўм кредит олиб “Раҳматилло Қорабоев” фермер хўжалигидан 3 бош маҳаллий қорамол олган. Ҳозирда чорва моллари сони 6 бошга етган ва улардан кунига 8-10 литрдан сут соғиб олинади. Ҳудуд ветеринари келиб касалликка қарши эмлаб кетаркан, зарурат бўлганда ветврачни телефон орқали чақиришини билдирди.
Туманда чорвачилик йўналишида 105 фермер хўжалиги фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 84 таси қорамолчиликка ихтисослашган. Хўжаликларга 2543 гектар сувли, 340 гектар лалми майдон бириктирилган. Фермерлар жорий йилнинг 9 ойида 4782 литр сут, 1427 килограмм гўшт ишлаб чиқарган. Туманда чорва наслини яхшилаш учун ўтган йилларда Польша, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Россия, Германия ва бошқа давлатлардан “Қора ола голштин”, “Голштин Фриз”, “Қозоқ оқбош”, “Сигментал”, “Санта Гертруда”, “Ангуст Швед” каби 2 минг бошга яқин наслли чорва зотлари келтирилган.
Тумандаги “Содиқова Ўғилой МХХР” фермер хўжалиги яқинда Беларусь давлатидан 64 бош “Сигментал” ва “Қора ола голштин” зотли наслли чорва моллари келтирди.
- Халқ банки туман филиалининг 44,5 минг доллар кредити ҳисобидан чорва моллари келтирдик ва ноябрь ойи охирида яна 60 бош наслли чорва келтирамиз, - дейди хўжалик бошлиғи Абдусами Содиқов. – Чунки наслли мол оддий хашак ва ем билан ҳам кунига 300-350 грамм вазн тўплайди, 2 ёшли наслли қорамол 1,5 тоннагача тирик вазнга эга бўлади. Шунинг учун ҳам хориждан наслли қорамол келтириш анча яхши самара беради. Шу пайтгача чорвачилик хўжаликлари учун бир қатор имтиёзлар бор эди. Эндиликда бу имтиёзлар бекор қилинди. Шу боис божхона кирим-чиқимлари учун 2 миллион 400 минг сўм тўладик. Жорий йил 1 октябрдан кучга кирган ўзгартиришга кўра божхона тўловларидан ташқари импорт қилинган товар учун 15 фоиз қўшимча тўлов қилишимиз керак. Бу наслли чорва молларини импорт қиладиган хўжаликларга қўшимча харажат ва маҳсулот таннархининг ошишига олиб келмоқда. Меъёрга кўра 100 бош чорва моли бор хўжаликда битта ветврач бўлиши керак, аммо бизда чорва моллари сони юзтага етмайди, шунинг учун маҳаллий ветврач хизматидан фойдаланамиз.
Тумандаги “Раҳматулло Қорабоев” фермер хўжалигига 18 гектар сувли майдон бириктирилган ва хўжаликда 70 бош чорва моли боқилмоқда. Зотдор чорва молида самарадорлик юқори бўлгани учун 2006 йилда хориждан 8 бош “Голштин Фриз” зотли наслли қорамол келтирган.
- Наслли чорва молларидан сунъий уруғлантириш ишлари самара бермади, наслли қорамолларни маҳаллий зотларга аралаштирдик, - дейди хўжалик иш юритувчиси Содиқ Қорабоев. - Ҳозир хўжалигимизда ўша зотдор чорва молларидан олинган қорамолларни кўпайтиряпмиз. Аммо алоҳида ветеринаримиз йўқ.
Юртимизда чорвачиликни ривожлантиришда касалликка қарши курашиш, зотдор молларни маҳаллийлаштириш, насл олиш каби қатор муаммолар бор. Имтиёзли нархларда ем тарқатиш шохобчаларининг тугатилгани ҳам соҳа ривожига тўсиқ бўлди.
“Тиббиёт инсонни, ветеринария инсониятни даволайди”, дейишади. Аммо жойларда ветеринария хизматини яхшиламасдан туриб инсониятни даволаб бўлармикан.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Зарафшон” мухбири.