Жисмоний тарбия ўқитувчиси талабалардан пора олганми?
Ижтимоий тармоқларда сессиялар вақтида айрим олий таълим муассасаларида таъмагирлик ҳолатлари юз бераётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Шу мазмундаги мурожаат Самарқанд ветеринария медицинаси институти 1-босқич талабаларининг ота-оналари томонидан аноним тарзда йўлланган.
Мурожаатда институтнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Асрор Ҳамдамов гўё “3”, “4” ёки “5” баҳолар учун 50, 300, 500 минг сўмлик “ставкалар” белгилаганлиги ва ўқитувчига сессия учун пул бермаган ўғил болалар 3 километр, қизлар 2 километр югуриши кераклиги ҳақида айтилган.
Ушбу ҳолат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди. Хулосага кўра, жорий йилда карантин сабабли дарслар 2020 йил 16 ноябрдан анъанавий таълим шаклига ўтилган. 2021 йилнинг 11 январь қишки таътилдан сўнг анъанавий ўқув жараёнлари давом этиб келмоқда. Институтда кузги семестр якуний назорат ишлари 1-, 2-, 3-босқич талабалари учун 2021 йил 19 январдан бошланиши белгиланган.
Институтда ректор бошчилигида коррупцияга қарши доимий комиссия тузилган. Сессиялар шаффоф ўтиши учун якуний назорат ишлари бошқа ўқитувчилар томонидан олиниши белгиланган ҳамда якуний назоратларни ўз вақтида, сифатли ва адолатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ тузилган. Талабалар тураржойлари ва факультетларда “Адолат қутилари” мавжуд. (Бу қутиларга талабалар оддий усулда хат ёзиб ташлашлари мумкин).
Шу билан бирга мурожаатлар учун Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректорининг виртуал қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилган. http://qabulxona.samvmi.uz/ ушбу ҳавола орқали муаммо ва шикоятлар бўйича ректорга шахсан мурожаат қилиш мумкин. Институт расмий веб-сайти ва телеграмм каналларида коррупцион вазиятлар бўйича сўровнома ва аноним анкеталар мунтазам ўтказиб келинади.
Мурожаатда айтилган институтнинг гуманитар фанлар, жисмоний маданият ва спорт кафедраси ўқитувчиси Асрор Ҳамидов шахси ўрганиб чиқилди. А.Ҳамидов мазкур кафедрада 16 йилдан бери фаолият кўрсатади. Шу кунга қадар талабалар ва бошқа ходимлар томонидан унга нисбатан ножўя фикрлар билдирилмаган (Маоши 4 миллион сўм). А.Ҳамидовнинг ўзи бу айбловларни рад этди ва “асоссиз бўҳтон” деб баҳолади.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.