Энди етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, бир қарорга келишимиз керак
Жорий йил 24 июль куни Президентимиз томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон қабул қилинди. Мазкур ҳужжат суд тизими, қолаверса, фуқароларимиз ҳаётига қандай ўзгаришлар олиб келиши ҳақида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев билан суҳбатлашдик.
Фармонда учта суд, яъни жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судлари бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилиши белгиланган. 2001 йил 1 январдан эса умумюрисдикция судлари иккита судга бўлиниб, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар алоҳида фаолият юрита бошлаган эди. Фикрингизча, бу қарор орқага қадам қўйиш бўлмадими?
– Жуда яхши савол. Авваламбор бир масалага тўхтаб ўтмоқчиман, мазкур Фармон кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиниб, кўплаб давлат органлари, шу жумладан сенаторлар ва депутатлар томонидан берилган таклифлар асосида тайёрланган ҳужжат бўлиб, у тарихий ҳужжат сифатида эътироф этилмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 июнь куни давлатимиз раҳбари раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилган эди. Фармонда қайд этилган масалаларнинг барчаси Президент томонидан видеоселектор йиғилишида кўтарилган.
Ҳақиқатдан ҳам 2001 йил 1 январдан судлар ихтисослашуви жорий қилиниб, умумий юрисдикция судлари жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларига бўлиниб, алоҳида фаолият юритишни бошлашганди. Президентимиз имзолаган янги Фармонда эса судлар бирлашиши назарда тутилмоқда. Лекин судларнинг ихтисослашуви сақланиб қолишига алоҳида урғу берилган. Яъни, судларнинг ихтисослашуви институтидан воз кечилмаяпти, аксинча бу институт сақлаб қолинмоқда.
Фармон талаби билан 2021 йил 1 январдан вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади ва бу суд тизими ривожланишига янги қадам сифатида баҳолаш лозим, деб ҳисоблайман.
Бу талаб жаҳон тажрибасига қанчалик мос?
– Фармондаги бу талаб тўлиқ жаҳон тажрибасига мос келади. Чунки ўрта бўғин (вилоят миқёсидаги судлар) умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга жавоб бермайди. Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон каби давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади. Амалдаги суд тизими Ўзбекистоннинг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмайди, бу эса суд тизими ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш лозимлигидан далолат бермоқда.
Халқаро рейтинг ҳақида гапирдингиз, одил судлов билан боғлиқ рейтингларини яхшилашга Фармондаги қайси чора-тадбирлар хизмат қилади?
- Шуни алоҳида таъкидлаш керак, халқаро рейтинг ва индекслар - мамлакат имиджини ўлчашнинг энг самарали воситаларидан бири бўлиб, мамлакатнинг улардаги ўрни – хорижий инвесторларга сармоя киритишда ўзига хос маёқ вазифасини ўтайди ва давлатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Бу борада суд тизимининг замон талаблари ва халқаро стандартлар асосида ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан янги фармон давлатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини мустаҳкамлашига хизмат қилади.
Шунингдек, эндиликда Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов ҳайъати тузилади. Бу ҳам инвесторларнинг манфаатлари қонун йўли билан тез ва сифатли, ишончли ҳимоя қилинишини англатади. Мамлакатимизга сармоя киритмоқчи бўлаётган хорижлик инвесторлар биринчи навбатда иқтисодий низолар қандай ечилишига қизиқиб кўришлари табиий.
Амалдаги процессуал қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, инвестицион низолар фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар томонидан кўрилмоқда. Бу эса ўз навбатида инвестицион низоларни ҳал этишда ягона суд амалиётини шакллаштиришни қийинлаштиради. Албатта, бу инвесторларнинг эътирозларига сабаб бўларди.
- Фармон билан суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда, бу орқали нималар ўзгаради?
– 2017 йил 1 апрелгача фуқаролармиз қуйи судлардан норози бўлиб, энг юқори инстанциягача, яъни Олий суд Пленумигача етиб бориши учун 5 та босқичдан (биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси, вилоят судининг назорат инстанцияси, Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати, Олий суд Раёсати) ўтиши керак эди, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб эса энг юқори инстанция – Олий суд Раёсати белгиланиб, юқори инстанцияда иши кўрилиши учун 3 босқичдан (биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси, Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати) ўтиши талаб этиларди. Фармон билан жорий қилинаётган “бир суд – бир инстанция” тамойили ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқади.
Жорий қилинаётган тизимга мувофиқ, судларда ишни кўриб чиқиш босқичларини янада соддалаштириш орқали самарали ва халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётга мос суд тизими яратилмоқда.
Жумладан,
шу вақтгача собиқ совет тузумидан мерос сифатида қолиб кетган назорат инстанцияси тугатилмоқда;
бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар,
шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам бериш орқали, туман судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқиш;
Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра кассация тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.
Амалиётдан келиб чиқиб, шуни таъкидлаш керак, бу тартиб, фуқароларимизнинг кўплаб эътирозлари ва суд таркибларига раддиялар беришларига сабаб бўлаётган омилларни бартараф қилади.
Масалан, ҳозирги кунда вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқилган жиноят иши бўйича чиқарилган суд қароридан норози бўлиб берилган апелляция ёки кассация шикояти шу суднинг апелляция ёки кассация инстанциясида кўриб чиқилмоқда, бу эса фуқароларнинг судьяларнинг холислигига шубҳа уйғотиб, суд таркибига раддия беришига асос бўлмоқда.
Бир суд – бир инстанция тизими жорий қилинса, суд қарор чиқаришда хато қилса, кейин уни тўғрилаш имконсиз бўлиб қолмайдими?
– Юқорида айтиб ўтганимдай, шундай тизим яратилмоқдаки, унда ҳар бир инстанция бир-бирини тўлдирадиган инстанцияга айланади, яъни апелляция инстанциясининг ваколатлари кенгайтирилиб, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида тўғирлаб қўяди, апелляция инстанцияси йўл қўйган хатони эса кассация инстанцияси тўғирлаб қўйиши учун имконият бўлади. Бордию кассация инстанцияси ҳам хатоликка йўл қўйилган бўлса, унда Олий суди раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протестига кўра иш яна кассация тартибида кўриб чиқилиши мумкин бўлади.
Бу тартиб “хатомни юқори инстанция тўғирлаб қўяди” деб судьяларнинг ишни сифатсиз кўришига сабаб бўлиб қолмайдими?
– “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида жорий қилинаётган тизим судьяларимизга жуда катта масъулият юклаяпти ва уларнинг ишни кўриш сифатига эътиборни кучайтиришни талаб этади. Янги тизим талабига кўра, ҳар бир қарор бекор қилинишига “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралади ва судьяларнинг жавобгарлиги оширилади. Эндиликда судьялар ҳар бир қарорни қабул қилишда, етти марта ўлчаб эмас, етмиш марта ўлчаб бир марта кесиши талаб этилади. Сифат – ишимизни баҳолашнинг асосий мезони бўлади. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ.
Фармон жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судлари фаолиятида қандай ўзгаришларга сабаб бўлади?
– Бу Фармон тарихий ҳужжат бўлиб, судьяларимиздан аввало ўзлари уни пухта ўрганиб, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли эътиборига етказиш борасида кенг қамровли тарғибот ишларни амалга оширишни тақозо этади.
Шу билан бирга, Фармон билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши муносабати билан судьяларнинг малакасини ошириш мақсадида, доимий семинар машғулотлар ташкил қилиниб, ушбу тоифадаги ишларни кўришга оид уч йил ичида қабул қилинган ўзгартиш ва қўшимчалар ўрганилади.
Бундан ташқари, ҳар бир судьямиз ўз фаолиятини яна бир бор танқидий таҳлил қилиб, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши учун нима қилишим керак?” деган саволни ўзига бериб, Президентимиз бизнинг олдимизга қўйган талаб ва вазифаларни бажаришга бор куч ва билимини сафарбар этиши, одил судлов тизимини янги босқичга олиб чиқиши керак. Бунга барча имкониятлар яратиб берилган.
Бу борада, Олий суд раҳбарияти ташаббуси билан Фармон ижроси юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида ишимизни ташкил қилишимиз ва унинг талабларини сўзсиз бажаришимиз лозим бўлади.
Фармон билан маъмурий судлар алоҳида суд сифатида сақланиб қолиши белгиланган, бироқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши белгиланган. Бу қанчалик тўғри?
– Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, шуни такидлаш керакки, маъмурий судлар фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган бўлиб, улар оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиши керак.
Бироқ, амалдаги маъмурий судлар тизими, уларнинг асосий фаолиятини амалга оширишда муаммоларни юзага келтираётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилган. Маъмурий ҳуқуқбузарликни “кичик жиноят” десак ҳам бўлади. Бу тоифадаги ишларни кўриш маъмурий судлар ваколатига киритилганлиги, уларнинг иш юкламаси ортиқча ошиб кетишига (2020 йилнинг 6 ойида республика маъмурий судлари томонидан 183 минг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилган) ва уларнинг асосий эътибори ҳал этиши лозим бўлган ишлар табиатига мутлақо мос келмайдиган ишларни кўришга қаратилишига олиб келди.
Мазкур ўзгаришлар, кўплаб халқаро экспертлар, шу жумладан БМТ ривожланиш дастури экспертлари томонидан тўғри қарор деб баҳоланмоқда.
Ҳозир судларда қанча одам ишлаяпти, кейинги йилдан уларнинг сони қанча бўлади?
– Фармон билан судларда ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар юзага келиши муносабати билан ҳозирги кунда судларда фаолият юритаётган бошқарув ходимлари сони 3489 (шу жумладан 1380 нафар судья) нафардан 3497 (шу жумладан 1331 нафар судья) нафарга етади.
Бизнинг суд тизимимиз бошқа давлатлар, халқаро суд стандартларини қабул қилишга тайёрми? Яна қандай вазифаларни амалга ошириш керак?
- Албатта, халқаро тажрибани кўр-кўрона кўчириб олиб, миллий қонунчилигимизга имплементация қилиб бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 30 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир йўналишда халқаро тажриба пухта ўрганилиши, у бизларда шаклланган ижобий амалиёт ёки тизимга қандай таъсир ўтказишини ўрганишимиз лозимлигини, тизимни яхшилайман деб, амалга оширган ишларимизга салбий таъсир кўрсатмаслиги кераклигини таъкидлади.
Бу борада суд тизимимиз ҳам барча хорижий тажрибани қабул қила олмайди, ҳар қандай ўзгаришга халқимиз, жамиятимиз, шу жумладан судьяларимиз тайёр бўлиши керак, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти муайян хорижий тажрибани “ҳазм” қилиш даражасида ривожланган ва шаклланган бўлиши керак. Қачон биз тайёр бўлсак, илғор хорижий тажрибани миллий қонунчилигимизга имплементация қилсак, халқимиз ва жамиятимиз манфаатида хизмат қилади. Тайёр бўлмасак, менинг фикримча, ушбу тажриба ё ишламайди, ё салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва бу ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.
Яна қандай вазифаларни амалга оширишимиз керак, деган саволингизга эса, мен ўйламанки, ҳозир жавоб бериш вақти эмас. Чунки Фармон ижросини таъминлаш борасида жуда кенг қамровли ишлар амалга оширилиши лозим, ҳозир барчамиз бирлашиб, “оёғимиз тагига ўт қўйиб”, фақат ишлашимиз, ишлашимиз ва яна ишлашимиз зарур.
– Вақт ажратиб, саволларимизга жавоб берганингиз учун раҳмат!
Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.