Энди маҳсулотлар биржада эркин сотилади

Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши юртимизда мазкур соҳаларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, тармоқларни ривожлантириш ва янгича ёндашувларни синовдан ўтказиш имконини беради.

Масалан, Президентимизнинг жорий йил 17 январдаги қарорига кўра, эндиликда монополист корхоналар томонидан 27 номдаги юқори ликвидли маҳсулотлар бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдоси орқали сотилади. 
Бунда экстракцион бензин, мис ўрамаси, мис катанкаси, иккиламчи алюминий, металл рух, ем учун дон – туман (шаҳар) ҳокимликларининг хулосасига мувофиқ фақат қайта ишлаш қувватига эга корхоналарга, техник чигит – "Ўзпахтаёғ" акциядорлик жамияти ёғ-мой корхоналарига, пахта толаси биржа савдолари орқали қайта ишлаш қувватига эга тўқимачилик корхоналарига сотилади. Пахта шроти ва шелухаси биржа савдоларида устама нархи ва ҳажмларини тақсимлаш тартибини сақлаган ҳолда савдога қўйилади. Истисно тариқасида автомобиль бензини – бюджет ташкилотлари ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, дизель ёқилғиси – бюджет ташкилотлари, давлат буюртмаси бўйича пахта хомашёси ва ғалла етиштириб берувчи фермер хўжаликлари, кўмир – бюджет ташкилотлари, аҳоли ва "Ўзбекэнерго" АЖ корхоналарига, пахта ёғи – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига улгуржи ва чакана баҳода белгиланган нархлар асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилинади. 


Қарорга мувофиқ цемент, цемент клинкери, асбест, қурилиш ойнаси, қора металл прокати, ёғоч-тахта ва полиматериаллар, кўмир учун божхона тўловларини амалга оширишда 2019 йил 1 январгача имтиёзлар берилмоқда (Божхонада расмийлаштириш бундан мустасно). Бу маҳсулотлар фақат биржа орқали сотилади (импорт қилинаётган товарлар бундан мустасно).  
Давлатимиз раҳбарининг бозорларимизни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга қаратилган фармони ижросига кўра, жорий йил 1 февралдан мамлакатимиз озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича қўлланилаётган божхона, солиқ ва бошқа имтиёз, преференциялар бекор қилинди. Истеъмол товарларини товар хомашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинди. Шакар ишлаб чиқарувчилар 2019 йил 1 январгача импорт хомашёси асосида ишлаб чиқарган маҳсулоти учун қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилди. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди. 


Шунингдек, Президентимизнинг ёғ-мой ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган қарори билан шрот ва шелухани сотиш бўйича "Озуқа ем таъминоти" масъулияти чекланган жамиятларини тугатиш мўлжалланмоқда. Кейинчалик саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстрактли пахта ёғи биржа савдолари орқали фақат "Ўзпахтаёғ" акциядорлик жамияти корхоналарига сотилиши тартиби сақлаб қолинди. 
Юқоридаги қарорлар ижроси юзасидан филиалимизда ҳам зарур ишлар бошланди. Хусусан, жорий йил 1 февралдан бошлаб Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларидаги хўжаликлар ўғитни тўғридан-тўғри биржа орқали харид қилишни бошлайди. Шу орқали турли хил суиистеъмолчиликлар ва талон-тарожликларнинг олди олинади, тўлов интизоми мустаҳкамланади, хўжаликларнинг дебитор ва кредиторлик қарздорликлари камаяди. 

Фурқат ЮЛДАШЕВ, 
"Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси" акциядорлик жамияти вилоят филиали
директори ўринбосари.