Энди ошхоналар ҳам пиёдалар йўлагига чиқиб кетяпти, ҳолат назоратга олиниши керак

Атиги бир неча кун олдин «Йўлаклар кимники? Нега уни ҳовлига қўшиб олишяпти?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Кўпчилик ўқувчилар бу юзасидан ўз муносабатини ҳам билдирди. Буни қарангки, орадан ҳеч қанча ўтмай мен ҳам худди шундай ҳолатга дуч келдим.
Самарқанд шаҳридаги Даҳбед кўчасининг Имом Бухорий кўчаси билан кесишган қисми ҳам бугун гавжум жойларидан бири.
Худди шу ҳудуддаги ошхоналардан бири пиёдалар йўлагига стол-стулларини чиқариб қўйиб бемалол фаолият юритмоқда. Пиёдалар ўтиши учун эса нари борса бир қадам жой қолдирилган.
Пиёдалар йўлагини эгаллаб олишга ким рухсат берган? Қайси тартиб-қоидага асосан бунга йўл қўйилган? Ёки шунчаки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганми? Буниси менга қоронғу, ошхона ходимларидан эса саволларимга тайинли жавоб ололмадим.
Фикримча, агар бу ҳолатларга кўз юмилаверса, Самарқандда эрта-индин пиёдалар учун юришга жой қолмаса керак. Бу ҳолат қанча тез назоратга олинса, шунча яхши.
Даврон Тўрабоев.