Энди қурувчилар малакасини замонавий талаблар асосида оширади

Қурилаётган ҳар бир бино ва иншоотларни сифатли қилиб бунёд этиш қурувчи-муҳандисларнинг касбий маҳоратига боғлиқ.

Эндиликда қурилиш соҳаси мутахассислари қайта ўқитилиб, уларнинг фаолиятини сертификатлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Архитектура, қурилиш, муҳандислик ва коммунал хўжалиги соҳаларидаги кадрларнинг малака сертификатига эга бўлмаса, тизимда ишлай олмайди. Улар ҳар 3 йилда бир марта малакаларини ошириши, соҳага оид энг сўнгги замонавий билимларга эга бўлиши талаб этилади.  

Бу борада Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Компетенцияни ривожлантириш институти ҳамда унинг ҳудудий филиаллари соҳа мутахассисларини ўқитиш ва сертификатлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Институтнинг Самарқанд ҳудудий филиалида ҳам шаҳарсозлик ва коммунал хўжалиги соҳаларига оид йўналишларда қурувчи кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор, педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий ҳамда амалий ўқув жараёнларини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорлик ишлари қилинмоқда.

- Ҳозирга қадар филиалимиз томонидан 5 та йўналиш бўйича 313 нафар соҳа ходимининг малакаси оширилиб, махсус сертификатлар берилди, - дейди Компетенцияни ривожлантириш институти Самарқанд ҳудудий филиали директори Адҳам Ражабов. - Қурилиш-монтаж ишларида пудратчи, буюртмачи, лойиҳачилар шаҳарсозлик, зилзилабардошлик, муҳандислик изланишлар, ёнғинга қарши ҳамда экологик нормалар, санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш каби билимларини мустаҳкамлашади.

Филиалда мутахассисларнинг малака талабларига мослигини, бажараётган ишлари сифатини ошириш, шаффофлик ва рақобатбардошликни таъминлаш, халқаро стандартларга мос иш юритиш каби механизмларини босқичма-босқич жорий этиб бориш ҳамда аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда мутахассислар масъулияти оширилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб махсус сертификатга эга бўлмаган мутахассисларга юқори тоифали қурилиш объектлари қурилиши фаолияти билан шуғулланиш ҳамда кўп квартирали уйларнинг бошқариш органларига раҳбарлик қилиши тақиқланади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.