Энди раҳбарларга ҳам ўзбек тилини билиш талаби қўйилади(ми?)
Кейинги йилларда давлат тилига эътибор кучайиши билан бирга турли бўғин раҳбарларининг ва масъул лавозимларга тайинланадиган кадрларнинг ўзбек тилини билиш даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 592-сон қарорига мувофиқ “Раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тасдиқланди. Қарор билан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига кўра, dt.dtm.uz онлайн платформаси ишлаб чиқилди. Тест топшириқлари давлат тилида иш юритиш ўқув дастурига кўра лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида шакллантирилмоқда.
Топшириқларда талабгорнинг публицистик, илмий-оммабоп ва расмий матнни ўқиб тушуниш ҳамда имло қоидаларини тўғри қўллай олиш кўникмалари баҳоланади. Aйтиш керакки, раҳбар кадрларнинг ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш тизими одатдагиларидан фарқ қилади. Бунда саволлар “ёпиқ” ва “очиқ” турларга бўлинган. Ёпиқ тест – талабгорга бир нечта жавоб вариантлари билан бериладиган топшириқлардир. Талабгорга тест синовида ўқиб тушуниш, ёзма адабий меъёрлар, яъни имло қоидалари, сўз ва қўшимчаларни қўллашга оид ҳамда тиниш белгиларининг ишлатилиш ўринлари юзасидан ёпиқ тестлар берилади. Бунда талабгордан тўғри жавобга эга муқобил жавобли топшириқларни ишлаши талаб этилади. Очиқ тестда эса муқобил жавоб вариантлари берилмайди, яъни талабгор томонидан жавоблар варақаси қисқа ёки кенгайтирилган шаклда ёзиб тўлдирилади. Шунингдек, имтиҳон топширувчи расмий ҳужжатни шакллантира олиши ва бугунги кундаги долзарб ва раҳбарлик фаолиятига оид мавзуларда эссе ёза олиши керак. Бошқача айтганда, давлат тилида фикр баён қилиш кўникмалари ҳам синовдан ўтказилади.
Синов вариантлари ҳозирда 14 та вазирлик ва идораларнинг масъул лавозимларда фаолият юритувчи раҳбар ходимлари иштирокида апробациядан ўтказилди.
2021 йил 5 май куни республикамизнинг барча ҳудудларида рўйхатдан ўтган талабгорлар тест синовларини топширишлари режалаштирилган. Бунда тест синовлари ҳудудлардаги олий таълим муассасалари аудиторияларида карантин талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда Давлат тест марказининг ҳудудий бўлимлари томонидан ташкиллаштирилади. Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан анъанавий шаклда, тўлиқ видеокузатув остида ўтказилади. Жараён тўғридан-тўғри интернет орқали трансляция қилиб борилади.
Тест синовлари бепул ташкил этилади. Лекин тест синовидан ўта олмаган ва синовларда қайта иштирок этадиган талабгорлар рўйхатдан ўтиш вақтида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўловни амалга ошириши лозим. Бунинг учун талабгорга рўйхатдан ўтиш вақтида 14 хоналик рақамдан иборат инвойс шакллантирилади. Тўловни Click, Payme, Upay ва Paynet каби электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин.
Натижалар тест синови якунлангандан сўнг (ёпиқ тестлар 3 кун, очиқ тестлар 15 кун ичида) эълон қилинади ва энг юқори баллнинг камида 70 фоизини тўплаган шахсларга сертификат берилади. Бунда талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали электрон тарзда юклаб олади. Мазкур жараёнларнинг барчаси электрон тарзда амалга оширилади.
Сертификатни амал қилиш муддати 5 йил бўлиб, мазкур давр давомида номзод қайта имтиҳон топшириши талаб этилмайди. Яъни, бошқа лавозимга ўтганда ҳам фаолиятини давом эттира олади.
Тест натижалари dt.dtm.uz сайтида эълон қилинади.
Aгар талабгор ўз жавоблари натижасидан қониқмаса, тест натижалари тўлиқ эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида апелляция аризасини бериши мумкин.
Самариддин Суюнов,
ДТМ Самарқанд вилояти бўлими етакчи мутахассиси.