“Энди тўғри ҳаёт кечираман”: Жазо муддатини ўтаётган 43 нафар самарқандлик шахс афв этилди

Давлатимиз раҳбари имзолаган фармонга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди.

Уларнинг 43 нафари самарқандлик.

Вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармасидан олинган маълумотга кўра, авф этилганларнинг 40 нафари жазони ижро этиш муассасаларида, уч нафари вилоятда пробация ҳисобида туриб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган шахслар бўлган. Шундан 3 нафари хотин-қиз, 16 нафари эса ёшлардир.

— Гиёҳванд воситалари савдосига қўл ургандим, - дейди иштихонлик Ш.С. – Жазони ижро этиш муассасасида қилган хатоларимни тушундим, хулосалар қилдим. Юртбошимизга раҳмат, мени яқинларим бағрига қайтарди. Энди фақат тўғри ҳаёт кечираман. Режаларим ҳам кўп – кредит олиб, чорвачиликни йўлга қўймоқчиман.

Афв этилган шахслардан 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган, 4 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, қолганлари асосий жазодан озод бўлди. Озодликка чиққан фуқароларга масъул идоралар томонидан зарур ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда.