Энди хорижга чиқиш паспортини элчихоналар орқали олиш мумкин
2020 йил 1 мартдан бошлаб МДҲ мамлакатларида истиқомат қилувчи ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларида хорижга чиқиш учун биометрик паспорт олишлари мумкин, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.
Республика фуқаролари хорижга чиқиш учун биометрик паспортни олиш ва қабулга ёзилиш (биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни топшириш мақсадида) учун https://consulate.mfa.uz веб-портали орқали электрон ариза тўлдиришлари мумкин.
Шунингдек, вазирлик томонидан чет эл мамлакатларида паспорт расмийлаштириш тизимини босқичма-босқич татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда ва унинг натижалари тўғрисида ватандошлар ўз вақтида хабардор қилинади.
Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб https://consulate.mfa.uz веб-порталида консуллик рўйхатига олиш интерактив тизими жорий этилган бўлиб, буни фуқаролар масофадан туриб Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига шахсан келмасдан амалга ошириш мумкин.