Хорижга чиқиш паспорти: Энди уни Қўшработ тумани ва Каттақўрғон шаҳридан ташқари барча ДХМлардан олиш мумкин

2022 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш йўлга қўйилган эди. Ҳозирга қадар мазкур хизмат фақат Самарқанд шаҳар ҳамда Паст Дарғом тумани давлат хизматлари марказларида мавжуд эди.

Фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишларида янада қулайлик яратиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг Қўшработ тумани ва Каттақўрғон шаҳридаги марказлардан ташқари, барча туманлардаги давлат хизматлари марказларида хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш хизмати ишга тушди.

Эндиликда фуқаролар нафақат ИИБ бўлимларида, балки юқорида қайд этилган икки ҳудуддан ташқари исталган марказга шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиб, ушбу қулайликдан фойдаланишлари мумкин.

Маълумот учун: жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд шаҳар ва Паст Дарғом тумани ДХМ томонидан 10 мингдан ортиқ хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилиб берилган.