Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишида навбатда туриш вақтини қисқартириш учун қандай қулайликлар яратилган?
Саволга вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Қурбонов жавоб берди?
Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида бугунги кунда шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ишлаб чиқилган бўлиб, 80 мингдан ортиқ фуқаролар Мобил-ID тизимидан рўйхатдан ўтказилди. Бу алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан, хизматлардан осон ва тезкор равишда фойдаланиш имконини беради.
2023 йилда Самарқанд вилоятидаги 16 та туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида Электрон рақамли имзо калитларини бериш учун шахсни тасдиқлаш мақсадида 144 та бармоқ изи сканерлари ўрнатилди.
Шунингдек, Давлат хизматларини олиш учун ID-карта билан мурожаат қилган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида 146 та NFС reader (ID-картани ўқиш) қурилмалари ўрнатилди.
Эндиликда фойдаланилган давлат хизмати учун тўловни амалга ошириш янада осонлашди. my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни амалга оширишда инвойсдаги рақамларни битталаб териб ўтириш ёки “касса”да навбат кутишга ҳожат йўқ. Бунинг учун оммабоп тўлов тизимларида инвойсдаги QR-кодни сканер қилиб, тўловни осонгина амалга оширса бўлади. Мазкур имкониятдан ҳозирча “Payme”, “Click”, “U-pay” тўлов тизимлари орқали фойдаланиш мумкин.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.