ДХМда сарҳисоб: Бир йилда бир ярим миллионга яқин хизмат кўрсатилди

Вилоят Матбуот уйида вилоятда 2023 йилда давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда ФҲДЁ соҳасида амалга оширилган ишлар, тизимдаги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мавзу юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Қурбонов маълумот берди.

Унга кўра, ҳисобот даврида вилоятда аҳолига жами 1423292 та давлат хизмати кўрсатилган. Шундан 37 фоизи ёки 525398 тасини онлайн хизматлар ташкил этади. Хусусан, шу вақтгача фуқаролар ДХМлар орқали 10451 та ID-карта, 7298 та хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳамда 10522 та янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга улгурган.

2023 йил давомидаги энг оммабоп 3 та давлат хизматига жисмоний ва юридик шахслар учун электрон рақамли имзо олиш (294063 та), болаларни давлат боғчаларига жойлаштириш (196 678 та), судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотнома бериш (85 617 та) кирди.

— Фуқаролар давлат хизматларидан янада осон фойдаланиши учун тизимда қўшимча қулайликлар яратилмоқда, - дейди Мақсуд Қурбонов. – Марказ ходимларининг давлат хизматларини сайёр тарзда, жойларга чиққан ҳолда кўрсатиши шулар жумласидан. Ўтган даврда 51 мингга яқин хизмат шу тартибда кўрсатилди. Шунингдек, 85 та янги давлат хизмати жорий этилди. Жумладан, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказида тажриба тариқасида эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган шахслар учун сурдо таржимон хизмати йўлга қўйилди. Бундай хизмат марказнинг барча бўлимларида марказлашган ҳолда кўрсатилиб, ходим зарурат туғилса, махсус веб-камера орқали сурдо операторлар билан боғланади. Бундан ташқари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тўловларда 50 фоиз чегирма белгиланди.

Тўлов борасида яна икки муҳим маълумот: биринчиси, энди фуқаролар фойдаланилган давлат хизмати учун тўловни оммабоп тўлов тизимлари орқали инвойсдаги QR-кодни сканерлаш йўли билан амалга ошириши мумкин. Иккинчидан, давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, давлат хизматини тартибга солувчи маъмурий регламентда ариза ваколатли орган томонидан рад этилган ҳолатларда ҳам тўловларни қайтариб олиш мумкин. Тўловлар соддалаштирилган тартибда Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади.

Яна бир янгилик - ўтган даврда Самарқанд шаҳри ва Паст Дарғом тумани Давлат хизматлари марказларида “3 қадам” тамойилининг жорий этилиши. Унда хизматлар “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратилади. Бу ташриф буюрувчиларнинг навбатда туриш вақтини қисқартириш имконини берди. Мисол учун, фуқаролар аввал бирор давлат хизматидан фойдаланиш учун ўртача 30 дақиқа кутиши керак бўлган бўлса, айни кунда бунга 3 дақиқа кетмоқда. Албатта, “мураккаб” хизматлар кўпроқ вақтни талаб қилади.

Давлат хизматлари маркази оператори, хоҳланг уйингизда, хоҳланг иш жойингизга борган ҳолда хизмат кўрсатади. Бунинг учун Адлия вазирлигининг алоқа марказига (1148) ёки унинг расмий веб-сайти ёхуд вилоят адлия бошқармасининг (55)701-00-55 (4038) “Ишонч телефони”га мурожаат қилиш кифоя. Бунда давлат хизматларини кўрсатиш вақти Давлат хизматлари марказларининг иш вақти доирасида белгиланади. Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, вилоят марказларида 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади. Албатта, ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бу хизматдан бепул фойдалиниши мумкин.

Тизим фаолиятига доғ тушираётган муамолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ўтказилган мониторинг натижасида ўтган йили давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида жами 14800 та қонун бузилиши аниқланган. Шундан, 9988 ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддати бузилган, 1642 ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган, 849 ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилган бўлса, 425 тасида тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган. Рақамларни ташкилотлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, энг кўп қонунбузарлик “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан (3986 та) содир этилган. Кейинги ўринда Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси (2895 та), қурилиш ва архитектура идоралари (1742 та) ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари (1338 та) турибди.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан ушбу ҳолатлар бўйича масъул идораларнинг раҳбарлари номига 33 та тақдимнома ва 633 та огоҳномалар киритилган. Натижада 501 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, 56 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши, 2 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишига эришилган.

Асқар Баротов.