Қайси ҳудуддаги ДХМда биометрик паспортни ID картага, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш мумкин?
- Фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжат, яъни биометрик паспортни ID картага алмаштириш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишлари мумкин, - дейди Самарқанд шаҳри давлат хизматлари маркази бош мутахассиси Ширин Зарияева.
- Фуқаро марказга биометрик паспорти билан бориб, суратга тушади, бармоқ изларини қўяди ва давлат божини тўлайди. Шундан сўнг 30 дақиқа ичида ID картани қўлига олиши мумкин. Бу хизмат ҳозирча фақат Самарқанд шаҳридаги давлат хизматлари марказида кўрсатиляпти.
Бундан ташқари, фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун ҳам Давлат хизматлари марказига мурожаат қилса бўлади. Бунинг учун у шахсни тасдиқловчи ҳужжати билан бориб, суратга тушади, бармоқ изларини қўяди ва давлат божини тўлайди. Бу паспорт эса 10 иш кунида тайёр бўлади. Бу хизмат барча туман ва шаҳарлардаги марказларда кўрсатиляпти.
Шунингдек, бугунги кунда Самарқанд шаҳри, Ургут ва Паст Дарғом туманларидаги Давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш хизмати ҳам кўрсатилмоқда.
***
Ушбу видеолавҳа ва мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.