Ҳуқуқшунос бўлиш учун нима қилиш керак, ДХМда қанақа хизматлар кўрсатилади, суд-тиббий экспертизаси нима?..

Вилоят адлия бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳридаги Давлат хизматлари марказида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири иштирокчилари шу ва бошқа саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир аввалида иштирокчилар ДХМ фаолияти билан таништирилди. Унда кўрсатилаётган хизматлар, фуқароларга яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг йиғилганлар Х.Сулаймонова номидаги республика суд-тиббий экспертизаси маркази вилоят бўлими ҳамда вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган кўргазмада бўлди. Жараёнда Юридик хизмат кўрсатиш маркази, ФҲДЁ органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан ҳам танишилди.

— Айни кунда вилоятимиздаги 20 та архив бўлимида уч асрга оид 1 миллиондан ортиқ ҳужжатлар сақланмоқда, - дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Маманазаров. – Уларнинг асосий қисмини қонунчиликка оид тарихий ҳужжатлар ташкил этади. Соҳага қизиққан, ҳаётини ҳуқуқ билан боғлаш ниятидаги ёшлар ва бошқа фуқаролар учун ҳам эшикларимиз доимо очиқ.

— Ёшлигимдан ҳуқуқ соҳасига қизиқишим ўзгача, - дейди Самарқанд вилоят юридик техникуми талабаси Ш.Исмоилов. – Мактабни битириб, олий таълимга кириш учун ҳаракат қилдим, аммо билимим камлик қилди. Шу боис соҳага техникум орқали билим ва малакамни ошириб кириб келишга қарор қилдим. Бугунги тадбир танлаган касбимнинг нақадар масъулиятли эканлигини кўрсатди. Адлия бошқармаси раҳбарлари билан суҳбат буни чуқурроқ англадим. Ўз устимда ишлашни давом эттираман.

Тадбир иштирокчилари тизимдаги барча бўғин мутахассисларидан бепул ҳуқуқий маслаҳат олди.

Асқар Баротов.