Хорижга чиқиш паспорти (қизил паспорт) учун тўлов миқдори қанча? У неча кунда тайёр бўлади?
Вилоят ИИБдан маълум қилишларича, хорижга чиқиш биометрик паспорти учун 324 минг сўм тўлов амалга оширилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортига ҳужжат топширишда фуқародан фақатгина паспорт талаб қилинади.
Қайд этилишича, хорижга чиқиш биометрик паспорти 15 кунда тайёр бўлади.
ИИБнинг маълумотида, шунингдек, вилоят бўйича 2019 йилда жами 170 минг 477 та, 2020 йилда 80 минг 910 та, жорий йилнинг ўтган 11 ойида 324 минг 566 та хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилган.
Дарвоқе, айни пайтда мазкур ҳужжат экстерриториал тартибда ҳам амалга оширилмоқда. Яъни, хорижга чиқиш биометрик паспортига вақтинча турган жойингиздаги ИИБнинг тегишли бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин. Бу тартиб асосида жорий йил 11 ой давомида 399 нафар бошқа вилоятда яшовчи фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилган.
Мутасаддиларнинг билдиришича, ногирон ёки ётиб қолган фуқароларга манзили бўйича мобил қурилмаларни олиб бориб, хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириб берилади.