Ёшлар тарбиясига нуронийлар ҳам масъул
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида фахрий ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатган ҳуқуқшунос ва юристлар ҳамда жамоатчилик орасида ҳурматга эга бўлган нуронийлар иштирокида “Нуронийлар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Ички ишлар бошқармаси, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди томонидан ташкил этилган тадбирда таълим муассасаларида таҳсил олаётган йигит-қизлар ва ёш тадбиркорлар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятчилик, уларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётгани ҳақида сўз борди. Шунингдек, бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишда кекса авлод вакилларининг ҳам ёрдамига суяниш кераклиги айтиб ўтилди.
– Нуронийларимиз бой ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, ёшларни тарбиялаш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда ўз меҳнатларини аямасликлари лозим, – деди Ҳасан Нормуродов. – Негаки, бугунги кунда ёшлар ўртасидаги жиноятчиликларнинг олдини олишга қанчалик курашмайлик унга эришиш мушкул бўляпти. Аксинча, жиноятлар олдинги йилларга нисбатан ортиб бормоқда. Шу боис, кексаларнинг ҳам кучидан фойдаланиб, маҳалла одамлари ўртасида инсонийлик, меҳр оқибатни туйғуларини уйғотиш ва ёшлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратишларини йўлга қўйиш керак.
Учрашув сўнгида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърлар ўқилиб, вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари ижросида куй-қўшиқлар янгради.