Энг гўзал дамларни виртуал оламга бой берманг!

Ота-боболаримиз “Вақт – бу бойлик”, дейишарди. Бугун эса вақтимизни телефон ўғирлаяпти. Айниқса, смартфон ва унга келаётган хабарлар ёшлар ҳаётининг мутлақ қисмига айланди. Ҳар куни икки-уч соат ижтимоий тармоқларда ўтириш аксариятимиз учун одатий ҳолат бўлиб қолди. Баъзиларимиз ҳатто 7-8 соатлаб экранга тикиляпмиз. Оқибатда кўз оғриғи, уйқусизлик, ақлан чарчоқни сезяпмиз, фикрлаш қобилиятимиз сустлашяпти. Фақат қисқа, маънисиз тасвирлар, видеолар, мужмалгина хабарлар фикрлаш, таҳлил қилиш қобилиятимизни ўлдирмоқда. Китоб ўқиш, мутолаа маданияти каби тушунчалар секинлик билан ҳаётимиздан чиқиб кетяпти.
Мутахассислар “дофамин”, деган атамани ишлатишади. Бу инсон миясида тез ва осон “ҳазм” бўлувчи завқларга одатланишни англатади. Янги хабар ва маълумотлар мияда дофаминни кўпайтириб, инсонни телефонга тобе қилиб қўяди. Оқибатда, ёшлар жисмонан эркин, аммо руҳан “қул”га айланади.
Ачинарлиси, бу боғлиқлик вақтимизни ўғирлаш баробарида, ҳаётимиз мазмунини ҳам ўзгартириб юборяпти. Бунинг таъсирида ёшларда ички кечинмаларини ифодалаш, меҳнати ва интилишларини намойиш этиш қобилияти йўқоляпти. Қолаверса, уларда ўзига ишончсизлик, сўзлашувда тайинсизлик, ҳатто ёлғизлик ҳисси кучаймоқда.
Шу жойда масъулиятни фақат ёшларнинг ўзига тўнкаш ҳам тўғри эмас. Ота-она, ўқитувчи, бутун жамият уларга ибрат бўлолмаяпмиз. Уларнинг бўш вақтини ташкил этиш, яхши контентларни танлашни ўргатмаяпмиз.
Бунда ҳар куни боланинг телефонда ўтказадиган вақтини чеклаш ва шуни онгли равишда амалга ошириш лозим. Масалан, телефондан куннинг муайян вақтларида фойдаланишни чеклаш мумкинку?!
Таълим муассасаларида ахборот олиш маданиятига оид интерфаол машғулотлар ўтказиш ҳам керак. Бундай дарсларда телефондан қандай мақсадда фойдаланиш, қандай контентни қабул қилиш ва қандай хавфлар борлиги ҳақида очиқ мулоқотлар ўтказиш фойдадан холи бўлмайди. Ёшларга ахборотлар билан эмас, тиниқ фикрлар билан яшашни ўргатиш вақти келди.
Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ёшлик бир марта берилади. Фарзандларимиз энг гўзал дамларини виртуал оламга бой бермаслиги шарт.
Раъно НАСИРОВА,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси.