Энг муҳим ютуғимиз - “ёпиқлик муҳити”дан қутулдик: Шавкат Мирзиёев

Халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида нутқ сўзлаётган Президент эркинлик, мажбурий меҳнат, очиқлик масалаларига алоҳида тўхталди.

"Ислоҳотларимизнинг муҳим йўналиши сифатида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик медиа макон яратиш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда.

Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисоб́дорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришмоқдамиз.

Бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки – биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз.

Кўп йиллар давомида мамлакатимизни турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.

Бунинг эътирофи сифатида яқинда халқаро “Cotton Campaign" коалицияси ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди", деди давлат раҳбари.