Эр-хотиннинг умумий мулки қандай тақсимланади?

- Бу уйда менинг ҳам ҳаққим бор.

- Уни ўғлимга ўзим қурганман, ажрашишни хоҳлаяпсанми, энди бу уйда сенга жой йўқ.

- Ҳо, ҳали шунақами, кўрсатиб қўяман!...

Бунга ўхшаш низоларга кунда бўлмаса-да, кейинги йилларда тез-тез гувоҳи бўлиб турибмиз. Маълумотларга кўра, кўп ҳолатда ажримлар ортидан эр ва хотин ўртасидаги мулкий низолар юзага келади. Аксарият ҳолларда одамлар бу масалага кўпам эътибор қаратмайдилар. Аммо уларнинг шу қадар нозик чизиқлари борки, буни билмаслик гоҳида “ғолиб” тарафга “қиммат” га тушиши мумкин.

Ушбу мақолада фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар туманлараро суди судьяси Фурқат Аноров эр-хотиннинг умумий ва ҳар бирининг алоҳида мулки, умумий мулкни тасарруф этиш, бўлиш ва ундаги улушларни аниқлаш хусусида сўз юритади.

- Никоҳ давомида олинган мол-мулк эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади, - дейди Ф.Аноров. - Хусусан, бундай мулк сирасига қуйидагилар киради:

– меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятидан, шунингдек, интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлар;

– пенсия, нафақа, шунингдек, моддий ёрдам ва компенсация суммалари (масалан, моддий ёрдам, майиб бўлиш ёки саломатлигига етган зарар учун тўланган сумма ва бошқалар) киради.

Мулк эр ёки хотиндан бирининг номида...

Эр-хотиннинг умумий пулига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматбаҳо қоғозлар, пайлар (акциялар), омонатлар, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда бошқа ҳар қандай мол-мулклари эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади.

Ушбу мол-мулклар эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилган, пули эр ва хотиннинг қайси бири томонидан тўланган бўлишидан қатъи назар, умумий мол-мулк ҳисобланади (масалан, уй-жой, машина, омонатлар).

Никоҳдан олдин олинган мулк-чи?

Бундан ҳолатда, яъни никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий пулларига олинган буюмлар ҳам умумий мулк саналади. Лекин низо чиққан тақдирда бундай мол-мулкни биргаликда олинганлигини исботлаш керак бўлади. Исбот сифатида тўлов квитанциялари, чеклар, банк транзакциялари ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Энг нозик нуқта

Айрим ҳолларда никоҳдан сўнг аёл ишламаган, уй ишлари ва бола парвариши билан банд бўлади. Қонунчиликка кўра, эр-хотиндан бири уй-рўзғор ишлари, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Таъкидлаш лозим, умумий мулкка нисбатан эр ва хотин тенг ҳуқуқли. Умумий мулкни сотиш, бировга фойдаланишга бериш, совға қилиш ёки бошқача кўринишда фойдаланиш учун уларнинг ҳар иккаласининг розилиги керак бўлади.

Масалан, эр номига расмийлаштирилган уй-жойни сотишда хотинидан нотариал тасдиқланган розилик олиши лозим. Агар бундай розиликсиз уй-жой сотилса, хотиннинг аризаси билан суд томонидан бу олди-сотди шартномаси бекор қилинади. Бунда хотин шартнома тузилганлигини билмаганлиги ёки тузишга қарши бўлганлигини исботлаб бериши керак.

Бироқ шуни ёдда тутиш керакки, бундай ариза хотин уй сотилганлигини билган ёки билиши керак бўлган кундан бошлаб бир йил давомида берилиши керак.

Қандай тақсимланади ёки бўлинади?

Умумий мулк исталган пайтда: эр ва хотиндан бирининг талаби билан никоҳдан ажрашмасдан ҳам, ажрашгандан кейин ҳам бўлиниши мумкин. Шунингдек, эр ёки хотиннинг қарзини ундириш умумий мулкка қаратилганда ҳам мулк бўлиниши мумкин.

Умумий мулк ўзаро келишувга кўра бўлинади. Агар эр ва хотин келиша олмаса, бу вазифа судга қолади. Суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унинг улушидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

Болаларнинг эҳтиёжи учун олинган буюмлар (масалан, кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади. Шунингдек, болаларнинг номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланади ва бўлинмайди.

Никоҳдан ажралгандан кейин умумий мулкни бўлиш тўғрисидаги ариза уч йил давомида берилиши мумкин.

Улушлар қандай аниқланади?

Агар эр ва хотин никоҳ шартномасига бошқача келишмаган бўлса, улушлар тенг ҳисобланади.

Аммо суд болалар манфаатидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра ишламаган, даромад олмаган бўлса ёки эр ва хотиннинг умумий мулкни оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, тенг тақсимланмаслиги мумкин.

Мулкни бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзи ҳам улар олаётган улушга мос ҳажмда тақсимланади.

Агар эр ва хотиндан бири умумий мулкни иккинчи томоннинг розилигисиз ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.

Алоҳида мулкка нималар киради?

Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзиники бўлган мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар билан олган мол-мулки уларнинг алоҳида мулки ҳисобланади.

Бироқ бу ерда масаланинг яна бир нозик томони бор. Масалан, эрнинг никоҳгача бўлган пайтда олган уйи бор. Никоҳдан кейин хотин бу уйни қайтадан қуриши, капитал таъмирлаши ёки қайта жизоҳлаши натижасида қиймати анча ошди. Шундай ҳолатда бу уй умумий мулк деб топилиши мумкин.

Шуни ҳам айтиш керакки, қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, пойабзал ва бошқа шу кабилар), никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий пулига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади.

Хулоса ўрнида

Табиий савол туғилиши мумкин, никоҳ давомида ва ундан кейин пайдо бўлиши мумкин бўлган мулкий низоларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Эр ва хотин ўртасидаги мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни никоҳ шартномасида белгилаб олиш лозим. Албатта, ҳеч ким “кун келиб, ажрашиб кетаман” деган ёмон ният билан оила қурмайди. Бироқ реаллик доим ҳам ҳислар билан ҳисоблашмайди. Никоҳ шартномаси эса келгусида вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишмовчилик ва ноаниқликларнинг олдини олади.

Ё.Марқаев ёзиб олди.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.